ШҲТ: Бош прокурорлар жиноятчиликка қарши курашиш, активларни қайтариш соҳасида ҳамкорлик қилади
Хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Покистон Ислом Республикаси томонидан ташкил этилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар Бош прокурорларининг 23-йиғилишида онлайн иштирок этди.
Унда ШҲТга аъзо давлатлар Бош прокуратуралари ўртасида халқаро-ҳуқуқий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Трансчегаравий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, активларни қайтариш соҳасидаги ҳамкорлик, шунингдек халқаро ҳуқуқий низоларни ҳал этиш механизмларини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Бош прокурори ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажриба алмашиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашишда замонавий ҳамкорлик механизмларини жорий этиш муҳимлигини таъкидлади.
Йиғилиш якунида томонлар ШҲТ доирасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва конструктив ҳамкорликни ривожлантиришга содиқликни тасдиқловчи баённома бўйича келишувга эришди.
Н.Абдураимова,
ЎзА