ШҲТ 25 ёшда: ташкилот янги босқичга тайёрми?
Жорий йил Шанхай ҳамкорлик ташкилоти учун тарихий босқич ҳисобланади. Ташкилот таъсис этилганига 25 йил тўлиши муносабати билан 1 сентябрь куни Бишкек шаҳрида давлат раҳбарларининг юбилей саммити ўтказилиши режалаштирилган. Бу сана нафақат ўтган чорак аср давомида эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш, балки келгуси ривожланиш йўналишларини белгилаб олиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бугун ШҲТ Евросиё маконидаги энг йирик минтақавий тузилмалардан бири сифатида хавфсизлик, транспорт, иқтисодиёт, рақамли тараққиёт ва гуманитар ҳамкорлик каби йўналишларда фаол иштирок этмоқда. Шу билан бирга, геосиёсий рақобатнинг кучайиши, аъзо давлатлар манфаатларининг хилма-хиллиги ва консенсус асосида қарор қабул қилиш механизми ташкилот олдига янги вазифаларни қўймоқда.
Шу муносабат билан ЎзА мухбири мавзу юзасидан сиёсатшунослар Дурбек Сайфуллаев ва Сайфиддин Жўраевга мурожаат қилди. Суҳбатда ШҲТнинг бугунги ўрни, асосий ютуқлари, ҳал этилиши лозим бўлган муаммолари ҳамда Ўзбекистон учун стратегик аҳамияти хусусида фикр алмашилди.
– Шанхай ҳамкорлик ташкилоти чорак асрлик фаолияти давомида қандай йўлни босиб ўтди? Жамоанинг асосий ютуғи нимада?

Дурбек Сайфуллаев:
— ШҲТнинг энг катта ютуғи вақт синовидан ўтганида. Дастлаб чегара хавфсизлиги ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган механизм бугун мутлақо бошқа кўламдаги ташкилотга айланди. Ҳозир тузилма хавфсизликдан бошлаб транспорт, энергетика, рақамли иқтисодиёт, экология ва гуманитар соҳаларгача қамраб олган.
Энг муҳими, ШҲТ турли сиёсий қарашларга эга давлатларни бир давра атрофида мулоқот қилишга ундайди. Бугунги кескин геосиёсий вазиятда бундай платформаларнинг аҳамияти янада ортмоқда. Шу жиҳатдан ташкилотнинг асосий натижаси аъзо давлатлар ўртасида мулоқот узилмаслигини таъминлаётганидир. Бу эса минтақа барқарорлигини сақлаш учун муҳим омил ҳисобланади.
Сайфиддин Жўраев:

– ШҲТ ривожланиши жараёнини бир неча босқичга ажратиш мумкин. Дастлаб ташкилот чегара хавфсизлигига ихтисослашган эди. Сўнг терроризм, экстремизм ва трансмиллий хавфга қарши ҳамкорлик асосий вазифага айланди. Кейинги босқичда эса иқтисодий интеграция, транспорт боғлиқлиги ва рақамли тараққиёт кун тартибига чиқди.
Бугун ШҲТ фақат минтақавий эмас, балки глобал жараёнга ҳам таъсир кўрсатаётган институт сифатида шаклланмоқда. Аъзолар таркиби кенгайиши, тузилмага қўшилиш истагидаги давлатлар сони ортиши ҳам ШҲТнинг халқаро нуфузи ошиб бораётганидан далолат. Шу билан бирга бошқарув самарадорлигини ошириш ва қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш вазифаси ҳам долзарб.
– Аъзо давлатлар сони ортиши ШҲТ имкониятини кенгайтирадими ёки аксинча ички келишувни мураккаблаштиряптими?
Дурбек Сайфуллаев:
— Бу масалада икки томонлама жараён муҳим. Бир томондан янги давлатлар қўшилиши ташкилотнинг географияси, иқтисодий салоҳияти ва сиёсий таъсирини кенгайтирмоқда. Иккинчи томондан эса турли ташқи сиёсий манфаатга эга давлатлар ўртасида ягона қарорга келиш мураккаблашмоқда. Шу боис энди асосий вазифа аъзо сонини кўпайтириш эмас, балки мавжуд ҳамкорлик механизми самарадорлигини оширишдан иборат. Бу ташкилотнинг ҳақиқий кучини белгилайди.
Сайфиддин Жўраев:
– Консенсус тамойили ШҲТнинг асосий устунлиги ва айни пайт жиддий синов. Зеро, ташкилотда геосиёсий қараши турлича давлатлар иштирок этади. Табиийки, барча масалалар бўйича бир хил позицияга келиш осон эмас. Шунинг учун, менимча, энди ташкилот фаолиятини баҳолашда қабул қилинган декларация сони эмас, балки амалга оширилган қўшма лойиҳалар асосий мезонга айланиши керак. Самарадорлик айнан шу билан ўлчанади.
– Бугунги мураккаб геосиёсий шароитда ШҲТ хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик ўртасида мувозанатни сақлаб қола оладими?
Дурбек Сайфуллаев:
– Кейинги йилларда дунёдаги геосиёсий жараён тубдан ўзгарди. Савдо уруши, санкция, қуролли можаро ва янги технология рақобати халқаро ташкилотлар олдига янги талаблар қўймоқда. ШҲТ ҳам айни жараёндан четда эмас. Ташкилотнинг муҳим устунлиги фақат хавфсизлик масаласи билан чекланиб қолмаслигида. Яъни, транспорт йўлаклари, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, энергетика, озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқлим масалалари ҳам умумий кун тартибига кириб келмоқда. Бошқача айтганда, ШҲТ замон талабига мослашаётган ташкилот сифатида намоён бўлмоқда. Менимча, келгуси йилларда айнан амалий иқтисодий лойиҳалар ташкилот самарадорлигининг асосий кўрсаткичига айланади.
Сайфиддин Жўраев:
– ШҲТнинг энг қулай имконияти таркибида мужассам. Аъзо давлатлар ҳиссасига дунё аҳолисининг қарийб 40 фоизи, улкан энергетика захираси ва улкан бозор тўғри келади. Шунинг ўзиёқ тузилма салоҳияти нечоғли юқорилигини кўрсатади. Табиийки, салоҳият ҳар доим ҳам бевосита натижа беравермайди. Қарор лойиҳага, ташаббус амалиётга айланмаса, турли муҳим соҳаларда аниқ натижага эришилмаса, мавжуд имконият тўлиқ ишга солинмаса, бари бефойда. Шунинг учун ҳам бугун ташкилот учун энг муҳим вазифа янги декларациялар қабул қилиш эмас, балки мавжуд ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишдир.
– Ўзбекистон учун ШҲТ қандай аҳамиятга эга?
Дурбек Сайфуллаев:
– Ўзбекистон ШҲТ таъсисчиларидан бири ҳисобланади. Шу боис мамлакатимиз ташкилот фаолиятида шунчаки иштирокчи эмас, балки тараққиёт йўналишларини белгилашда ҳам фаол. Айниқса, транспорт-коммуникация, рақамли иқтисодиёт, инвестиция, савдо ва Афғонистон масалалари бўйича республикамиз илгари сураётган ташаббуслар нафақат миллий, балки минтақавий аҳамиятга эга. Демак, мамлакатимизнинг ШҲТ доирасидаги нуфузи изчил мустаҳкамланмоқда.
Сайфиддин Жўраев:
– Ўзбекистон учун ШҲТ кўп қиррали ташқи сиёсат платформаларидан биридир. Ташкилот мамлакатимиз учун янги транспорт йўлакларини ривожлантириш, денгиз портларига чиқиш имкониятини кенгайтириш, сармоя жалб қилиш, юқори технология соҳасида ҳамкорлик қилиш ҳамда минтақавий барқарорликни таъминлаш каби стратегик вазифаларни илгари суриш имконини беради. Энг муҳими, давлатимиз ҳар доим ШҲТни очиқ, блокларга қўшилмайдиган ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган ташкилот сифатида ривожланишини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бу позиция мамлакатимиз ташқи сиёсий тамойиллари билан ҳамоҳанг.
Мусулмон Зиё тайёрлади.
ЎзА