ШҲТ – 25 йил: «Шанхай бешлиги»дан Евросиёнинг энг йирик минтақавий ташкилотигача
2026 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ташкил этилганига 25 йил тўлди. Ўтган чорак аср давомида ташкилот чегараларда ишончни мустаҳкамлашга қаратилган минтақавий механизмдан Евросиёдаги энг йирик халқаро тузилмалардан бирига айланди.
2001 йилда Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон томонидан ташкил этилган ШҲТ бугунги кунда 10 та аъзо давлатни бирлаштирмоқда. 2017 йилда Ҳиндистон ва Покистон, 2023 йилда Эрон, 2024 йилда эса Беларус ташкилотга аъзо бўлди. Шунингдек, ШҲТ таркибида 2 та кузатувчи давлат ҳамда 15 та мулоқот бўйича шерик мамлакат мавжуд.
Бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатлар:
- 3,4 миллиарддан ортиқ аҳолини, яъни Ер шари аҳолисининг қарийб 42-45 фоизини бирлаштирган;
- 36 миллион квадрат километрдан зиёд ҳудудни эгаллаб, Евросиё қитъаси майдонининг қарийб 60 фоизини қамраб олган;
- жаҳон ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) тахминан 25 фоизини ишлаб чиқармоқда;
- дунё ташқи савдосининг 15 фоиздан ортиғини таъминламоқда.
Ушбу кўрсаткичлар ШҲТни аҳоли сони бўйича дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилотлардан бирига айлантирди.
ШҲТнинг дастлабки вазифаси терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашишдан иборат эди.
Бу борада Тошкент шаҳрида жойлашган Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) муҳим ўрин тутади. Унинг фаолияти давомида аъзо давлатлар махсус хизматлари ўртасида ахборот алмашинуви йўлга қўйилди, қатор қўшма аксилтеррор машғулотлари ўтказилди ҳамда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланди.
Сўнгги йилларда ШҲТ доирасида иқтисодий ҳамкорлик сезиларли даражада кенгайди.
Жумладан, Хитойнинг ШҲТ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 2024 йилда 512,4 миллиард АҚШ долларига етди. Бу кўрсаткич 2001 йилга нисбатан 40 баробардан зиёд ўсганини англатади.
Бугунги кунда ташкилот доирасида:
- транспорт йўлакларини ривожлантириш;
- энергетика соҳасидаги ҳамкорлик;
- рақамли иқтисодиёт;
- саноат кооперацияси;
- логистика;
- қишлоқ хўжалиги;
- «яшил иқтисодиёт» йўналишлари жадал ривожланмоқда.
ШҲТ мамлакатлари Евросиёдаги транспорт ва логистика тармоқларини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда.
2025 йил ўрталарига келиб Хитой – Европа темир йўл йўналиши бўйича 110 мингдан ортиқ юк поезди ҳаракатланди. Уларнинг катта қисми ШҲТ ҳудуди орқали ўтади. Бу эса Марказий Осиёнинг транзит салоҳиятини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон ШҲТнинг асосчи давлатларидан бири ҳисобланади.
Тошкент шаҳрида ташкилотнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси жойлашгани мамлакатимизнинг минтақавий хавфсизликни таъминлашдаги муҳим ўрнини яққол намоён этади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон транспорт йўлакларини кенгайтириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёшлар ва таълим соҳасидаги қўшма дастурларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурмоқда.
ШҲТнинг 25 йиллик тарихи унинг халқаро майдондаги нуфузи ва таъсири мунтазам ошиб бораётганини тасдиқлайди.
Бугун ташкилот дунё аҳолисининг қарийб ярмини, улкан иқтисодий ва табиий ресурсларга эга мамлакатларни бирлаштирган. Ўзаро ишонч, тенг ҳуқуқли ҳамкорлик ва умумий тараққиёт тамойилларига асосланган ШҲТ келгуси йилларда ҳам Евросиёда барқарорлик, хавфсизлик ва иқтисодий тараққиётнинг муҳим омилларидан бири бўлиб қолиши шубҳасиз.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА мухбири
ШҲТга аъзо давлатлар журналистларининг Бишкек медиафорумидан.