Шерободдаги “Сурхон-Агро” зонасида имконият ва имтиёзлар кенгайтирилди
Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонасида 940 гектар майдонда замонавий, энергия тежамкор иссиқхона мажмуаси ва 20 гектар ерда йирик агрологистика маркази бунёд этилмоқда.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш йўлида муҳим қадам ташлаб берган янги лойиҳа 2026-2027 йилларда иссиқхона хўжаликларини кенгайтириб, натижадорлигини оширишга хизмат қилади.
“Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонасидан маълум қилишларича, мажмуада ўз бизнесини юритиш учун Қатар, Хитой, Испания каби давлатлар тадбиркорлари тупроқ унумдорлиги ва бу ерда яратилаётган имтиёзларни ўрганиб, ҳудудда ўз бизнесини юритишга, иссиқхоначилик билан шуғулланишга катта қизиқиш билдирган.
Президентимизнинг шу йил 13 октябрдаги “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонасида инвестиция лойиҳаларини жадал амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони иқтисодий зона иштирокчилари бўлган йирик инвестиция лойиҳасини амалга оширувчи маҳаллий ва хорижий тадбиркорлик субъектлари учун кенг имконият ва қатор имтиёз яратди. Ер ажратиш, қурилиш ва молиялаштириш механизмларини соддалаштирди.
Шунга кўра, уларга ер участкалари норматив қийматининг 10 фоизидан бошланадиган нархда, қиймати камида 10 миллион доллар бўлган лойиҳалар ҳамда Тошкент шаҳри ва вилоятидан иссиқхонасини кўчирувчилар учун бошланғич нарх бир фоиз этиб белгиланди. Беш йилга ер, мол-мулк ва фойда солиқлари бўйича имтиёзлар берилди. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган ускуна ва материалларни олиб киришда божхона божидан озод қилинди.

– Давлатимиз раҳбарининг фармони ҳудуддаги ишларни янада тезлаштириш учун катта имконият ҳам яратди, – дейди “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси директори Ў.Шойманов. – Ҳудудда ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва инфратузилма объектлари қурилиши ва уларни молиялаштириш масалалари ечимининг чоралари белгиланди. Хорижликлар ва чет эл капиталли корхоналарга ер ажратишдаги чекловлар бу ерда амал қилмайди. Тайёр иссиқхоналар ва агрологистика маркази тадбиркорларга 7 йиллик бўлиб тўлаш ёки лизинг асосида сотилади.
Қишин-ёзин озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириладиган, қайта ишланадиган ва сақланиб, реализация қилинадиган йирик эркин иқтисодий зонада барча замонавий инфратузилма яратилмоқда. Жумладан, газ, электр, сув, оқова сув, коллектор ва 50 км йўл қурилиши учун 220 миллиард сўм, иссиқхона мажмуалари учун 180 миллиард, агрологистика маркази учун 20 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда. Лойиҳаларни молиялаштириш учун келгуси йил халқаро молия институтларидан 100 миллион доллар жалб этилади.
Фармонда “Uzagrostar xolding” компанияси таркибидаги 8 та ихтисослашган хўжалик юритувчи субъект 8 та тижорат банки билан ҳар бири шу йил 1 декабргача 10 гектар, 2027 йил 1 майгача 40 гектар иссиқхона барпо этиши, агрологистика марказини келгуси йил 1 июнгача қуриши белгилаб берилди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, туманнинг Олтин воҳа маҳалласи ҳудудида бунёд этилаётган лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, 6 минг 300 доимий ва 8 минг мавсумий иш ўрни яратишни кўзда тутади. Аҳолини сервитамин, табиий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан барқарор таъминлайди. Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиб, вилоятнинг экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири