Шеърият учун ҳам баракали йил бўлди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Шеърият кенгашининг 2024 йилдаги фаолияти, нашр этилган китоблар, достонлар ҳамда юртимиз газета-журналларида чоп этилган шеърлар бўйича ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Кенгаш раиси, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, уюшма раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо кенгаш томонидан йил давомида олиб борилган ишлар, яратилган шеърий асарлар ҳақида атрофлича фикр билдирди.

Ўтган давр мобайнида уюшма аъзоси бўлган юз нафардан зиёд ижодкор йил давомида республикамиз бўйлаб ўтган “Маърифат улашиб”, "Ватан манзумаси" каби тадбирларда фаол иштирок этишди. Бундан ташқари, кўпгина мумтоз ва устоз адибларимиз Фурқат, Сиддиқ Хондалиқий, Ажиниёз, шунингдек, Рамз Бобожон, Нормурод Нарзуллев, Энахон Сиддиқова каби халқ шоирларининг хотира кечалари ўтказилди.

Жумладан, севимли шоирамиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шарифа Салимованинг “Қабоҳат салтанати ёки қор қўйнидаги лолалар” деб номланган шеърий романи адабиётимизда катта воқеа бўлди.

Шунингдек, атоқли шоир Ўткир Раҳматнинг “Мангу овоз”, халқ шоири Иқбол Мирзонинг “Танланган асарлар”и, таниқли шоирамиз Фарида Афрўзнинг тўрт жилдлик асарлари, Мухтасар Тожимаматованинг “Ишқ рўмоли”, Санобар Раҳмоннинг “Сўзнинг ватани” каби шеърий тўпламлари юзага келишида ҳам Шеърият кенгашининг ўрни бор.

Йиғилишда сўзга чиққанлар Шеърият кенгашининг йиллик фаолиятига ўз муносабатларини билдириб ўтишди.

Туроб Ниёз,
ЎзА