Шеърият – ширин азоб, жонни ёқмоқ
Шеъриятнинг қатъий талаб-қоидалари бор, бу аён. Қўлига қалам ушлаган одам буларга риоя этиши шарт. Бироқ... Ҳамма гап ана шу “бироқ”да. Туйғу рост, самимий бўлмаса, изҳор кўнгилдан чиқмаса, ҳар қанча қоидали ёзилган бўлмасин, бундай битик кўнгилларга етиб бормайди.
Бундай шеърнинг узоқ яшаши амримаҳол. Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф шеъриятининг бугун ҳам ўқувчилар қалбу шуурида акс садо бераётгани сабаби кўнгил изҳорининг айнан ростгўйлик ва самимиятга йўғрилгани билан изоҳланади.
Шоир таъбирича, шеърият бу – қадим буюк сўқмоқ. Шундай сўқмоқки, ундан юрмоқ ҳар кимнинг ҳам ҳадди эмас. Шу боис у кийик сўқмоққа менгзайди. Хўш, шеъриятни яна қандай таърифламоқ мумкин?
Ширин азоб экан, жонни
Ёқмоқ экан.
Бир қўлда гул, бир қўлингда
чақмоқ экан.
Шеърият бу – образли тафаккур демакдир. Чинакам шоир образни шу даражада аниқ-тиниқ тасвирлайдики, бу образ ўқувчи кўз ўнгида ёрқин манзара ҳосил қилади; унинг туйғуларини, шуурини ўзига ром этиб қўяди. Чўлпон таъбири билан айтганда, “тоза маърифат суви билан ўткир юрак кирларини ювади”. Муҳаммад Юсуф шеъриятида ана шундай мисралар талайгина. Юқоридаги шеърнинг мана бу поэтик хулосаси ҳам фикримизни тасдиқлайди:
Кўнглим сезар – бу сўқмоқдан
Ўтолмайман.
Қайтиб кетай десам, қайтиб
Кетолмайман.
Чақиртошлар товонимдан
Тишлаб олган.
Қўлларимдан кийикчалар
Ушлаб олган.
Товони чақиртошларга ботиб, қўлларидан кийикчалар ушлаб олган шоир образи – чиндан ҳам нозик топилма. Образ шу даражада жозибалики, кўнгилда ҳайрат уйғотади, тасаввурда муҳрланиб қолади.
Бошқа бир шеърида шоир шеъриятни бевафо санамга қиёслайди. У боис чеккан заҳматларини бу дунёда орттирган зари деб билади. Ухламай қон ютган тунлари учун раҳматлари бор эканини изҳор этади. У шеъриятнинг чин ошиғи. Шоирнинг хаёли – маҳбуба остонасидаги ит. Унинг учун шеърият – қўл етмас ҳилол. Танаси ерда бўлса ҳам, руҳи кўкда экани сабаби шунда. Ана шу сўнмас ишқ, ана шу чинакам ошиқлик шоир назмига нур бағишлаб туради.
Ватан муҳаббати Муҳаммад Юсуф шеъриятининг бош мавзуси. Ижодкор она Ватанни “ёруғ жаҳоним”, “тахти Сулаймоним”, “ягонам”, “топинган кошонам”, дея васф этади. Шоир кўнглининг мана бу изҳори эса ташбеҳнинг бетакрорлиги, ифоданинг тиниқлиги билан кўнгилнинг туб-тубига ўрнашади:
Офтобдан ҳам ўзинг меҳри
Илиғимсан, Ватаним.
Профессор Қозоқбой Йўлдош: “Кўпинча Ватан ҳақида шеър битган ижодкорлар қандайдир ўзидан ташқаридаги бир мавжудлик ҳақида ёзаётгандек қалам суришади. Шунинг учун ҳам ватаний ашъорда жозиба камроқ, фикр кучлироқ бўлади. Муҳаммад Юсуфнинг ватани унинг нақ юрагида эди. У Ватан ҳақида ичдан куюниб, қизғаниш ва изтироб билан ёзарди”, дея эътироф этади. Дарҳақиқат, шоирнинг Ватан мавзусидаги шеърларини бефарқ ўқиш маҳол. Сабаби, у она заминни мана бу тарзда севади:
Ватан –
Юрагимнинг
Олампаноҳи,
Бу дунё –
Букри бир
Жийдангнинг шохи!...
Кўзим ёши билан суғориб гоҳи
Кўксимда ўстирган
Гулдай севаман.
Дунёлар ичра дунёга менгзарли она Ватан ва муроди оқ яктаги янглиғ оппоқ она халқ тимсоллари шоир шеърларида ажиб уйғунлик касб этади, баланд пафос билан куйланади. Ижодкор ўзи мансуб миллат болаларининг бошида дўппи, белида белбоғ кўришни истайди. Тилдошларининг дўппи киймай қўйганидан куйиниш ҳиссини “Бошга лойиқ дўппи йўқдир ё, Бош қолмади дўппига лойиқ”, дея оҳорли умумлашма орқали изҳор этади. Миллий ғурур тимсоли бўлган белбоғини ташлаганларга: “Белбоғингиз қани белингиздаги?” дея ўртаниб савол беради. Ҳар икки тимсол – дўппи ва белбоғни Муҳаммад Юсуф шунчаки бир буюм сифатида эмас, миллий ўзлик ва орият рамзи ўлароқ тасвирлайди.
Ўтган асрнинг 70-йилларида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Қачон халқ бўласан, сен, эй оломон” деган мисраси эл қалбида акс садо бергани, жуда кўп ижодкорларга илҳом бағишлагани аён. Муҳаммад Юсуфнинг “Халқ бўл, элим” шеъри моҳиятан шунга яқин. У қадим юртига қадим наволари қайтмоғини истайди, буюк Соҳибқирон бешигини тебратган, боласи (Мирзо Улуғбек) юлдузларга нарвон қўйган элининг бир майизни қирққа бўлган бир тану жон кунларга яна етишмоғини орзу қилади. Туйғунинг тозалиги, ифоданинг самимийлиги шеърнинг таъсир кучини, айниқса, оширган:
Қадим юртга қайтсин қадим наволарим,
Қумлар босиб қуримасин дарёларим.
Алпомишга алла айтган момоларим
Руҳини шод этай десанг – халқ бўл, элим!..
У элининг халқ бўлишини истади, ўзбекни маҳаллийчилик қийратганидан изтироб чекди, даҳоларга бой миллатининг улар қадрига ҳар доим ҳам етавермаганидан куйинди. Яктагининг енгларидан тер югурган, даласини боласидан ҳам устун қўйган, бир қўлини силамоққа иккинчи қўлининг фурсати йўқ бободеҳқонга бор меҳрини нисор этди:
Иш дегани фақат сенга
Чиққанми ё, эй мўмин?
Қора меҳнат йўргагингдан
Юққанми ё, эй мўмин?
Онанг сени пахтазорда
Туққанми ё, эй мўмин?..
Қадоққўл – товоним менинг,
Бободеҳқоним менинг.
Муҳаммад Юсуф шеъриятининг образ ва тимсоллар олами ўрганилса, қизиқ бир ҳол кузатилади. Шоир қизғалдоқ, бинафша, капалак тимсолларига энг кўп мурожаат қилган ва бу тасодифий эмас. Эътибор берилса, улар барчаси гўзалликнинг бетакрор намунаси бўлиши баробарида, ҳаммаси бирдай қисқа умр кўради. Нима учун шоир бу тимсолларни хуш кўрган? Нега айнан кўпроқ уларни қаламга олган?
“Қизғалдоқ” шеъри ижодкор назмида образли тафаккурнинг ўзига хос намунаси экани билан алоҳида ажралиб туради. Шеърда шоир қалбидаги ҳеч кимга айтилмайдиган изтироб изҳорини кузатиш мумкин. Бу изтироб беихтиёр ўқувчи қалбига ҳам кўчади:
Қизғалдоғим, қирдан бўлак кошонанг йўқ,
Кокил ёйсанг, ердан бўлак тошойнанг йўқ.
Ўксиб-ўксиб турганингда ўзим бориб,
Пешонангдан ўпай десам, пешонанг йўқ.
Қизғалдоқнинг бош эгиб, келинчакдай солланиши, жайрон ўтган сўқмоқларга ёш тўкиши – ташхис санъатининг ёрқин намунаси. Бу гулнинг қизил юзи шоирнинг қон дилига ташбеҳ этилиши, “Менингдек сен ғарибнинг ҳам парвонанг йўқ”, дея муаллиф руҳиятининг, лирик кайфиятининг ифодаланиши шеърнинг бадиий қувватини оширган.
Ҳақиқий шеър чўнг дарддан туғилади. “Қизғалдоқ” бунинг яна бир исботи. Шеърнинг поэтик хулосаси, айниқса, шоир дилидаги дардни, изтиробни таъсирчан ифода этгани билан алоҳида аҳамиятга эга:
Олдингга мен боролмасам, ўт гуноҳим,
Бир йўқлаб қўй, мен дунёдан ўтган чоғим –
Қабрим узра ҳилпираб тур, қизғалдоғим,
Муҳаммаддан бўлак дўсти-девонанг йўқ.
“Бинафша” шеърида шоир “Асл гулнинг ҳамиша Умри қисқа бўлади” тарзидаги бадиий умумлашмани беради. Муаллиф наздида, бинафшанинг юраги мудом қон, ичи тўла фарёд. Ваҳоланки, баҳор усиз баҳор бўлолмайди. Замин усиз ҳувиллаган келинсиз ҳовлига менгзайди. Барака ҳам, Хизр ҳам у бор жойда муҳайё. Шу боис бинафша гўзал достонга қиёс этгуликдир. Жуда қисқа умр кўрадиган биргина гул тимсолида шунча ҳикматни мушоҳада этиш учун ижодкорнинг тийрак назари зарур, шоир бўлиб туғилиш керак. Муҳаммад Юсуф ана шундай шоир эди.
Унинг фикрича, “капалаклар одамлардан меҳрибон...”. Шеърда саҳарлардан шудринг шароб ичган, танламайин қабрларни қучган, оққуш янглиғ оқ ёмғирда учган капалаклар вафо ва меҳр тимсоли ўлароқ васф этилади. Сабаби, улар гулга қўнса, озор бермаслик учун қаноти ботмайди; минбаъд бировга тош отмайди, бор-йўғи бир кун яшаса ҳам, бир-бирини сотмайди. Бинобарин, уларнинг кулбаси ҳам уйи ҳам, товуши ҳам, куйи ҳам, орасида камбағали, бийи ҳам йўқ. Капалакларни таърифлар экан, шоир ҳар бир сўз замирига олам-олам маъно юклайди. Вафо ва садоқатни, поклигу диёнатни ҳар недан улуғ билган шоир мана бундай умумлашма чиқаради:
Муҳаммадга ишонган эй, мўминлар,
Ўлсам сўзим эслаб ўйга чўминглар:
Капалакнинг қанотига кўминглар,
Капалаклар одамлардан меҳрибон...
Муҳаммад Юсуфнинг жисмоний умри, афсуски, қисқа бўлди, қазо отли номеҳрибон уни навқирон қирқ етти ёшида орамиздан олиб кетди. Қизғалдоқ, бинафша, капалак сингари қисқа умр кўрувчи яратиқлар ҳақида кўп ёзгани ва шоир қисмати ўртасида, эҳтимол, қандайдир алоқадорлик бордир. Асрлар мобайнида қўр тўкиб турувчи тоғлар, минг йил умр кўрувчи чинорлар ҳақида ёзса бўлмасмиди бу ўктам шоир, деган ўй ҳам кечади баъзан хаёлдан. Тасалли шундаки, унинг шеърлари ҳар бир ўзбекнинг қалбида яшаб келяпти. Шоир шеърларини қўшиқ қилиб куйламаган хонандани топиш маҳол. Шеърлари ҳануз юракларда Ватанга ва она халққа муҳаббат ёлқинини алангалатиб келаётир. Демак, самимий, рост туйғулар куйчиси бўлган Муҳаммад Юсуф барҳаётдир.
Нурбой Жабборов,
филология фанлари доктори, профессор