Шергиронда янги боғча қурилди
Бухоро туманидаги “Шергирон” маҳалла фуқаролар йиғинида 12-сон давлат мактабгача таълим ташкилотининг янгидан қуриб битказилган биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил қилинган тантанали тадбирда туман ҳокими Ҳалимжон Сафаров, сектор раҳбарлари, маҳалла фаоллари, ота-оналар ва мактабгача таълим ташкилоти жамоаси қатнашди.
Мазкур болалар боғчаси 1977 йилда барпо қилинган бўлиб, 90 ўринга мўлжалланган эди. Аммо кейинги йилларда ҳудудда аҳоли сони ўсиб, болалар боғчасига талаб кескин ошди. 2023 йил инвестиция дастури маблағлари ҳисобидан лойиҳалаштирилган 12-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилиши учун 4 миллиард 496 миллион сўм маблағ ажратилди. Маҳаллий пудрат корхоналаридан бири “Бобур Азамат Темур” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан ўтган ойларда бу болалар боғчаси 150 ўринга мўлжаллаб янгидан барпо қилинди.
[gallery-14167]
– Болажонларимиз учун қурилган икки қаватли бу замонавий боғча давлатимизнинг эртамиз эгаларига қаратилаётган доимий эътибори ва ғамхўрлигининг амалдаги ифодасидир, – дейди мазкур мактабгача таълим муассасаси мудираси Зулхумор Ражабова. – Янги муассасада жажжи ўғил-қизларни ҳар томонлама баркамол тарбиялаш, мактабга тайёрлаш учун барча шарт-шароит муҳайё қилинган. Болажонларимиз учун саводхонлик ва машғулот хоналари, спорт ва ўйин майдончалари, ошхона, ётоқхона ва санитария тармоғи, иссиқлик тизимигача шай қилинган. Муҳими, бу ерда болажонларимиз таълим-тарбияси билан шуғулланиши учун маҳалладан йигирмадан ортиқ ишчи-тарбиячи ходимлар саралаб олинди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари