«Шайтанат» фильми «бузғунчиси» пушаймон бўлди
Кейинги вақтларда айрим тадбиркорлар машҳур киноларни муаллиф рухсатисиз пародия тарзида ўзгартириб, ижтимоий тармоқларда ўз маҳсулотини реклама қилишда фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда.
Кейинги вақтларда айрим тадбиркорлар машҳур киноларни муаллиф рухсатисиз пародия тарзида ўзгартириб, ижтимоий тармоқларда ўз маҳсулотини реклама қилишда фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда.
Бироқ кинематография асарларига нисбатан муаллифлик ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари қонун билан ҳимояланган ва уларни поймол қилганлик учун жавобгарлик белгиланган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонунига мувофиқ муаллиф ўз асарини, жумладан, номини муаллифнинг шаъни ва қадр-қимматига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай тарзда бузиб кўрсатилишидан ёки бошқача тарзда тажовуз этилишидан ҳимоя қилиш ҳуқуқига (муаллиф обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқи) эгадир. Шунингдек, асарни омма олдида ижро этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланишда асарнинг ўзига, номига ва муаллифнинг исми-фамилияси кўрсатилишига бирон-бир ўзгартиш киритиш фақат муаллифнинг розилиги билан йўл қўйилиши белгиланган.
Бироқ Тошкент шаҳрида ўз маҳсулотини реклама қилиш ва харидорларни жалб қилишни кўзлаган Б.М. исмли шахс билан аксинча ҳолат юз берди.
– Тадбиркор ош маҳсулотини реклама қилиш мақсадида «Шайтанат» киноси қаҳрамонлари овозларини харидор ва буюртмачиларни жалб қилиш мақсадида ўзгартирган, – дейди Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги бўлим бошлиғи Фаррух Файзиев. – Яъни, кино қаҳрамони тилидан буюртмачи Б.М.нинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган, ош маҳсулотини харид қилишга чақирувчи видео ролик тайёрланиб, телеграм ижтимоий тармоғига муаллиф розилигисиз жойлаштирилган. Шундан сўнг «Шайтанат» фильми асосида ноқонуний тайёрланган реклама таъсирида мижозлар маҳсулотга буюртма бера бошлаган. Натижада амалдаги қонун талаблари жиддий бузилган.
Қонунга биноан фақатгина муаллиф асардан ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда фойдаланишда мутлақ ҳуқуқларга эга. Юридик ва жисмоний шахслар эса асардан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан, жумладан, мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар билан тузилган шартномага асосан ёхуд уларнинг вазифалари ва мажбуриятларини бажарувчи ташкилот билан тузилган шартномага кўра фойдаланиши мумкин. Бундан ташқари, муаллиф ўз асаридан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга.
«Шайтанат» фильми муаллифи мазкур ҳуқуқбузарликдан хабар топгандан сўнг муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани, унинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказилгани ва ушбу ҳуқуқбузарликни содир этган шахсларни аниқлаш ва уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган таъсир чораларни кўришни сўраб Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига мурожаат этди.
Натижада Агентликнинг Интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш бўлими томонидан баённома тузилиб, тегишли суд инстанцияси томонидан ҳуқуқбузар киноасардан қонунга хилоф равишда фойдалангани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилди.