Шахматчиларимиз “Menorca-2026” турнирида қатнашмоқда
Испаниянинг Менорка шаҳрида ўтказилаётган “V Open Chess Menorca 2026” халқаро турнирида Ўзбекистон терма жамоасининг 7 нафар аъзоси “А” гуруҳида дона сурмоқда.
51 давлатнинг 563 нафар шахматчиси қатнашаётган турнирда жаҳоннинг кучли гроссмейстерлари Гукеш Доммаражу, Домингез Перез, Ричард Раппорт, Володар Мурзин, Сам Шанкланд, Абҳиманю Мишралар қаторида халқаро майдонда катта тажриба тўплаб келаётган шахматчиларимиз Абдумалик Абдусалимов, Ҳумоюн Бекмуратов, Умида Омонова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Гулдона Каримова, Мадинабону Халилова, Нилуфархон Имомқўзиева керакли рейтинг очколарини жамғариш ва муносиб ўринларни эгаллаш йўлида ҳаракатланмоқда.

Мукофот жамғармаси 60 минг евродан иборат турнирда 3 та тур ўйинлари ортда қолган вазиятда ҳамюртларимиздан Ҳумоюн Бекмуратов 15 нафар иштирокчи сингари 3 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 3-ўринда бормоқда.
Шунингдек, турнирда ўз омадини синовдан ўтказаётган Абдумалик Абдусалимов ва Умида Омонова 2,5 очко билан етакчиларни таъқиб этмоқда. Нилуфархон Имомқўзиева ва Гулруҳбегим Тоҳиржонова 2 очкога эга бўлиб турибди.

9 та турдан иборат бўлган халқаро турнир мусобақалари 12 апрелга қадар давом этади.

Т.Рўзиев, ЎзА