Норвегиянинг Фагернес шаҳрида шахмат бўйича ўтказилаётган “Fagernes International Autumn-2025” халқаро турнирида иштирок этаётган мамлакатимиз вакиллари муносиб натижа қайд этмоқда.
15 та давлатнинг 78 нафар маҳоратли шахматчилари қаторида дона сураётган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Абдумалик Абдусалимов илк икки турда норвегиялик Ингве Фоссхаймни ва Эйвинд Грунт Крекенни мағлуб этди.
Кеча ўтказилган 3-турда ҳиндистонлик халқаро спорт устаси Харшавардханни таслим этиб, 3 очко билан етакчилар қаторида ҳаракатланмоқда.

Маҳоратли шахматчимиз Ортиқ Ниғматов дастлабки турларда норвегиялик Кристофер Ван Струмхауг ва германиялик Яна Шнайдердан устун келди.
Ўн тўрт йилдан буён анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган халқаро турнирнинг 3-турида Ниғматов норвегиялик Олсен Уркедалга имкониятни бой бериб қўйди.
Бугун, 8 октябрь куни халқаро турнирнинг 4-тур баҳсида Абдумалик Абдусалимов қора доналарда бир тур муқаддам Ортиқ Ниғматовни енгган Уркедалга қарши дона сурса, Ортиқбек ушбу турда қора доналарда канадалик Шиям Тавандиран билан рўбарў келади.
9 та турдан иборат турнир 12 октябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА