Шахмат: Совринли ўринлардан рейтинг очколари муҳим
Сингапурда шахмат бўйича давом этаётган “Singapore International Open” турнирининг ортда қолган 8-тур баҳсларидан сўнг мамлакатимиз шахматчи қизлари совринли ўринлар учун курашни якунлаган бўлса-да, рейтинг очколарни жамғариш учун ўз омадларини синовдан ўтказмоқда.

Эътиборли жиҳати, умидли шахматчи қизимиз Гулдона Каримова 7-турда оқ доналарда филиппинлик гроссмейстер Жон Гомезга ютқазиб қўйиши натижасида совринли ўринларга даъвогарликдан мосуво бўлди.
Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Нодира Нодиржонова, Умида Омонова, Барчиной Шокиржонова, Маржона Маликова ва Асал Салимова 7-турда ғалабага эришди. Нилуфархон Имомқўзиева сингапурлик рақиби билан муроса йўлини танлади. Нодиржонова филиппинлик гроссмейстер Лайло Дарвиндан, Омонова эса мўғулистонлик Сумия Билгуундан устун келди.

Очколарини 4,5 тага етказиб олган Нодиржонова ва Омонова қўшимча кўрсаткичларга кўра, 59 ва 60-ўринда бормоқда. Шунча очкога эга испаниялик Эдуардо Итурризага 37-поғонани банд этганининг ўзи юртимиз шахматчи қизлари 285 нафар иштирокчи орасида муносиб натижа қайд этаётганидан далолат, дейиш мумкин.
Ҳамюртларимиздан Барчиной Шокиржонова 4 очко билан 103, Гулдона Каримова 3,5 очко билан 121-ўринни, 3,5 очкога эга Асал Салимова 144-поғонани банд этган. Польшалик Ян Климковски 6 очко билан турнир жадвалида якка пешқадам бўлиб турибди.
Кеча ўтказилган 8-тур ўйинларида шахматчи қизларимизнинг ҳеч бири муваффақиятга эриша олмади. Умида Омонова, Барчиной Шокиржонова, Нилуфар Имомқўзиева ва Асал Салимова дурангга эришган вазиятда қолган барча шахматчи қизларимиз мағлубиятга учради.
Бугун, 5 декабрь куни нуфузли мусобақанинг сўнгги 9-турида ҳамюртларимиздан Умида Омонова хитойлик, Нодира Нодиржонова ва Барчиной Шокиржонова ҳиндистонлик шахматчилар билан куч синашади.
Т.Рўзиев,
ЎзА