Шахмат: Синдоров “Sinquefield Cup-2026” турнирида совриндор бўлди
АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида шахмат бўйича ўтказилган “Sinquefield Cup-2026” турнири ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров учун омадли кечди.
“Grand Chess Tour” сериясининг ҳал қилувчи босқичи саналган мазкур мусобақанинг сўнгги 9-турида гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдоров қора доналарда америкалик Уэсли Со билан куч синашди.
Қизиқарли ва тенг курашлар остида ўтган учрашувнинг 44-юриш ҳолатидаги тенглик туфайли баҳсда муроса йўли танланди.
Шунингдек, совринли ўринлар масаласини ҳал этадиган охирги кунги партияларнинг барчасида дуранг натижа қайд этилиши ортидан АҚШ вакили Уэсли Со ва ҳиндистонлик Р.Прагнанандҳа тай-брейкда тўқнаш келадиган бўлди.

Иккита партияси рапиддан иборат тай-брейк мусобақасида Уесли ҳамда Прагнанандҳа очколарни тақсимлаб олди. Ҳал қилувчи армагеддон ўйинида эса Сонинг қўли баланд келди ва кетма-кет иккинчи йил “Sinquefield Cup-2026” турнирининг ғолиблигини қўлга киритиши туфайли бош соврин ҳамда 87 минг 500 доллар мукофот пулига сазовор бўлди.
Турнирнинг 9 та турида 5 очко жамғарган Жавоҳир Синдоров германиялик Винсент Кеймер билан 3-ўринни эгаллаб, 42 минг 500 доллар мукофот пули билан тақдирланди.
Т.Рўзиев, ЎзА