Шахмат: Ўзбекистонлик ёшлар умумжамоада ғолиб
Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятидаги Корумду масканида шахмат бўйича ўтказилган Марказий Осиё очиқ чемпионатида мамлакатимиз спортчилари муносиб натижаларга эришди.
Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бешта мамлакат вакиллари билан куч синашди. Қирғизистонда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан 307 нафар шахматчи иштирок этган "Central Asia Youth Chess Championship 2024" баҳслари сарҳисобига кўра, шахматчиларимиз 6 та олтин, 5 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди.
Ушбу натижа Ўзбекистон терма жамоасининг умумжамоада 1-ўринга эга чиқишини таъминлади. 9 турдан иборат очиқ чемпионат баҳслари 10 та ёш тоифасида ташкил этилди.
Юртимизнинг иқтидорли шахматчиларидан Нурмуҳаммад Неъматиллахонов, Нурислом Абдулаҳатов, Ҳасан Акрамов, Алишер Абдуқаюмов сингари ёшлар ғалабага муносиб ҳисса қўшишди.
Т.Рўзиев, ЎзА