45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 5-турида Молдова терма жамоасини мағлуб этган Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 6-турда Исроил терма жамоаси билан куч синашади.
5-турда олимпиадада иккинчи рақам остида сараланган дунёнинг етакчи аёллар терма жамоаси саналган Грузия билан кечган ўйинда ҳамюртларимиз 1,5 : 2,5 ҳисобида имкониятни бой берди.
Учрашув мобайнида шахматчи қизларимиздан Афрўза Ҳамдамова, Нилуфар Ёқуббоева ва Умида Омонова рақиблари билан дурангга эришган вазиятда Маржона Маликова имкониятни бой бериб қўйди. Ушбу натижа ўйиннинг 1,5 : 2,5 ҳисобида грузияликлар фойдасига ҳал бўлишига олиб келди.
Энди шахматчи қизларимиз 6-турда Нидерландия терма жамоаси билан куч синашади.
Ортда қолган 5-тур ўйинларидан кейин эркаклар ўртасидаги баҳсларда 3 та жамоа –Ҳиндистон, Хитой ва Вьетнам 10 очко билан етакчилик қилмоқда. 2 та жамоа – Эрон ва Норвегия 9 очкога эга. 25 та миллий терма жамоа шахмат олимпиадасида 8 очко жамғарган ҳолда етакчиларни таъқиб қилмоқда.
Аёллар жамоалари ўртасида эса Ҳиндистон, Арманистон, Мўғулистон вакиллари 10 очкога эга. Шундай қилиб, мазкур олимпиадада юртимизнинг икки жамоаси ҳозирча 8 тадан очкога эга бўлиб турибди.
Т.Рўзиев, ЎзА