Шахмат олимпиадаси: Ўзбекистон жамоаси тарихий ғалабага эришди
Дунё эътиборини деярли икки ҳафта мобайнида Самарқандга қаратган шахмат олимпиадаси мусобақалари, унинг доирасидаги тадбирлар шахматнинг ривожига беқиёс ҳисса қўшиш билан бирга янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги салобати не чоғли юксалаётганлигини яна бир карра ёрқин намоён этди.
Бугун 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг сўнгги 11-тур ўйинлари нуфузли мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари номини аниқлаб берди.
Маҳоратли ва истеъдодли шахматчиларимиз Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Муҳиддин Мадаминовдан иборат Ўзбекистон-1 жамоаси Украина шахматчиларини 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди ва ҳақли равишда 20 очко билан 2026 йилги шахмат олимпиадасининг ғолиблигини қўлга киритди.
Ҳамюртларимизнинг асосий таъқибчиси саналган Ҳиндистон сўнгги турда Венгрия билан 2:2 ҳисобида муроса йўлини танлаши натижасида 18 очко билан кумуш медалларга эга чиқди.
Ўз навбатида Нидерландияни мағлуб этган Германия жамоаси 19 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 3-ўриндан жой олди.
Айтиш лозимки, шахматчиларимиз учун чемпионлик йўлидаги курашлар осон бўлмади. Ҳамюртларимиз мусобақанинг дастлабки 7 турида рақибларидан устунликка эришди. Ҳал қилувчи баҳсларда Ҳиндистонни 2.5:1.5, Хитой жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этди. 8-турда Германияга очко тақдим этган шахматчиларимиз 9-турда “жаҳон терма жамоаси” саналган АҚШдан устунликка эришди. 10-турда Арманистон жамоаси 3.5:0.5 ҳисобида тор-мор қилинди.
Шахмат олимпиадалари тарихига эътибор қаратсак, Ўзбекистон терма жамоаси 2022 йили Ченай Олимпиадасида олтин, 2024 йили Будапештда бронза ва 2026 йилги Самарқанд олимпиадасида яна олтин медаллар қўлга киритилдики, бу, мамлакатимиз ёшларининг интеллектуал салоҳияти йилдан йилга ўсаётганлигининг ёрқин ифодасидир.
Олимпиада мусобақаларининг яна бир ўзига хос жиҳати, йигитларимиз фақат чемпион бўлибгина қолмай, ўтган йиллар давомида шахматчиларимиз қўлга киритаётган ютуқлар тасодиф эмаслигини ва Ўзбекистон бугун дунёнинг энг кучли шахмат терма жамоаси эканлигини амалда исботлади.
Шунингдек, олимпиадада алоҳида тахталарда Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Асроржон Омонов етакчилар қаторидан ўрин эгаллади.
Бундан ташқари, Абдумалик Абдусалимов, Муҳаммадзоҳид Суяров, Афруза Ҳамдамова, Умида Омонова, Нилуфар Имомқўзиева, Гулдона Каримоваларнинг ўз тахталарида кучли ўнликдан ўрин эгаллаши янги ғалабалар, янги чемпионлар авлоди етишиб келаётганлигини кўрсатди.
Шахмат олимпиадасининг аёллар мусобақасида Хитой жамоаси сўнгги турда Ветнамни мағлуб этди ва 20 очко билан ғолиблик мақомига кўтарилди. 2-ўрин Польша жамоаси билан дурангга эришган Қозоғистон жамоасига, 3-ўрин эса Ҳиндистон жамоаси шахматчи қизларига насиб этди.
[gallery-31634]
Шиддатли мусобақаларда ўз заковати билан ғолибликка эришган чемпионларимизни, уларнинг мураббийларини, Ўзбекистон шахмат федерацияси оиласини ва бутун халқимизни ушбу тарихий ғалаба билан муборакбод этамиз.
Т. Рўзиев, Ғ. Ҳасанов, А. Мамадаминов (фото), ЎзА.