Шахмат мусобақаси ғолиблари аниқланди
Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида жойлашган “Тўдакўл” халқаро шахмат мактабида “Ёшлар ишлари агентлиги кубоги” доирасидаги “Challengers Open” ва “Challengers Women” йўналишлари бўйича шахмат мусобақаси бўлиб ўтди.
Мусобақанинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда спортнинг ақл-заковатни чархловчи турларини оммалаштиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этаётганини алоҳида таъкидлади.
Тўққиз турдан иборат бўлган мусобақа давомида республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган иқтидорли шахматчилар ўзаро куч синашиб, ҳар бир партияда юксак маҳорат, пухта тайёргарлик ва стратегик фикрлаш қобилиятини намоён этди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунида энг кучли иштирокчилар аниқланди.
Жумладан, “Challengers Open” йўналишида 1-ўринни Хадиятулло Муҳамедов (Тошкент шаҳри), 2-ўринни Билолхўжа Ҳасанов (Сирдарё вилояти) ва 3-ўринни Акбар Ёқуббоев (Хоразм вилояти) қўлга киритди.
“Challengers Women” йўналишида эса 1-ўринни Моҳинур Ҳабибуллаева (Тошкент вилояти), 2-ўринни Оксана Слапогузова (Сурхондарё вилояти) ва 3-ўринни Одина Олимова (Тошкент шаҳри) эгаллди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, турли номинациялар бўйича энг яхши натижа қайд этган иштирокчилар йирик пул мукофотлари, қимматбаҳо совғалар ҳамда ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
[gallery-30502]
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари