Шарқий Европа ва Марказий Осиёда сил ва ОИВ эпидемияларининг ўзаро боғлиқлиги
Тошкент шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси ва «Чегарасиз шифокорлар» («Médecins Sans Frontières») ташкилоти томонидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан ҳамкорликда Шарқий Европа ва Марказий Осиёда сил ва ОИВ эпидемияларининг ўзаро боғлиқлиги масаласига бағишланган матбуот анжумани ва юқори даражадаги муҳокамалар ташкил этилди.
Тадбирда минтақанинг 11 та мамлакатидан сил ва ОИВ бўйича миллий дастурлар раҳбарлари, экспертлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Учрашувдан асосий мақсад – минтақада сил ва ОИВ хизматлари интеграциясини яхшилаш, ЖССТ томонидан тавсия этилган янги восита ва ёндашувларни жорий этишни жадаллаштириш ҳамда минтақавий мувофиқлаштиришни янада кучайтиришдан иборат.
Таъкидланганидек, Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси аҳолининг заиф қатламлари орасида тўпланган ОИВ эпидемияси билан бир қаторда сил ва кўп дориларга чидамли силнинг қўшалоқ юки остида қоляпти. Минтақа дунёда ОИТС билан боғлиқ ўлим ҳолатлари кўпайиб бораётган ягона ҳудуд бўлиб, 2030 йилга келиб ОИТСни жамоат саломатлигига таҳдид сифатида тугатиш мақсадидан узоқлашмоқда, ҳар йили ОИВ билан янги касалланиш ҳолатлари ортияпти.
Статистик маълумотларга кўра, 2024 йилда Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида тахминан 204 минг киши сил касаллигига чалинган бўлса, шундан 161 минг 600 га яқин ҳолат аниқланган, яъни сил касаллигига чалинган ҳар беш кишидан бири аниқланмай қолган. Дориларга чидамли сил жамоат саломатлиги ва соғлиқни сақлаш хавфсизлиги учун ўта жиддий таҳдидлигича қолмоқда. Хусусан, минтақада янги сил ҳолатларининг тахминан 23 фоизи ва илгари даволанган беморларнинг 51 фоизи кўп дори воситаларига чидамли силга тўғри келади. Бу кўрсаткичлар ЖССТнинг барча минтақалари орасида энг юқори ҳисобланади.

Шунингдек, сил ва ОИВ қўшма инфекцияси ҳам жиддий муаммо бўлиб, минтақада ҳар йили тахминан 29 минг янги сил ва ОИВ инфекцияси ҳолати қайд этилади. Янги сил ҳолатларининг қарийб 13 фоизида ОИВ инфекцияси ҳам мавжуд. Дориларга чидамли сил юкининг юқорилиги чегаралараро узлуксиз даволаниш ва парвариш давомийлигини минтақавий соғлиқни сақлаш хавфсизлигининг устувор йўналишларидан бирига айлантирмоқда.
Матбуот анжуманида сўзга чиққан ЖССТнинг Европа минтақаси бўйича Фавқулодда вазиятлар ва соғлиқни сақлаш хавфсизлиги директори, доктор Игор Перехинец дориларга чидамли сил давлат чегараларида тўхтаб қолмаслигини таъкидлади.
– Туберкулёзни даволашни Тошкентда бошлаган бемор уни Олмаота ёки Варшавада ҳам якунлай олиши керак. Шу боис, мамлакатларга даволанишнинг узлуксизлигини таъминлайдиган янада самарали трансчегаравий механизмлар зарур, – деди Игор Перехинец. – Ҳозирда сил ва ОИВнинг олдини олиш, ташхислаш ва даволаш учун энг яхши воситаларга эга бўлинса-да, дори воситаларига чидамли силга чалинган ҳар беш кишидан атиги иккитаси ўзига зарур даволанишни олмоқда. Ушбу тафовутни бартараф этиш зарур.
ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси ОИВ бўйича минтақавий маслаҳатчиси доктор Стела Биволнинг таъкидлашича, инфекция тарқалиши камаймаётган ва ўлим ҳолатлари ортиб бораётган минтақада самарадорлиги исботланган чора-тадбирларни кенгайтириш муҳим. Бу чора-тадбирларга оптималлаштирилган тестдан ўтказиш, ОИВнинг ривожланган босқичидаги беморлар учун комплекс хизматлар ҳамда узоқ таъсир қилувчи ОИВнинг олдини олиш учун контактгача профилактика киритилган.

Муҳокамаларда ОИВнинг олдини олиш учун контактгача профилактика бўйича ЖССТнинг энг сўнгги тавсияларини жорий этиш, ОИВ ва сил бўйича инсонга йўналтирилган тиббий хизматларни ривожлантириш, кўп дориларга чидамли силни даволашнинг хавфсизроқ ва қисқароқ режимларини кенгроқ қўллаш, шунингдек, миграция қилувчи шахслар учун трансчегаравий узлуксиз даволашни таъминлаш йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Семинар якунида «Чегарасиз шифокорлар» ташкилоти, ЖССТ ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари янги ёндашувларни жорий этишга тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш, амалий сабоқлар ва дастурий тажриба билан ўртоқлашиш, шунингдек, миллий дастурларни ЖССТнинг энг сўнгги тавсияларига мувофиқлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштиришга келишиб олди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА