Шарқ нафис санъатидан намуналар
Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида “Шарқ нафис санъати ёшлар нигоҳида – IV” номли кўргазма ташкил этилди.
Унда Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, миниатюрачи рассом Беҳзод Хаджиметов, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари ва ёш миниатюрачи рассомларнинг 60 дан ортиқ асарлари намойиш этилди.
Маълумки, асрлар оша инсонларга гўзаллик ҳадя этиб келаётган мусаввирлик, айниқса, унинг ўзига хос йўналиши саналган миниатюра санъати узоқ йиллар давомида шаклланган, сайқалланган ижод туридир. Шарқ миниатюрасининг нозик жиҳатлари, мураккабликлари ижодкордан катта меҳнат ва изланишни талаб этади.
Беҳзод Хаджиметов миниатюра асарларида бир қарашда биз англамайдиган гўзалликни тасвирлаб, уни юксак санъат асарига айлантира оладиган кенг билим ва маҳоратли рассомдир.
[gallery-5105]
У 1979 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1994 йилдан 1999 йилгача Тошкентдаги Павел Беньков номидаги Рассомлик коллежида таҳсил олган. Ўша йилнинг ўзида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Хаттотлик ва миниатюра” йўналишига ўқишга киради. 2004-2006 йилларда ўша олийгоҳнинг магистратура босқичини ҳам тугатади. 2006 йилдан Тасвирий санъат факультети “Хаттотлик ва миниатюра” йўналишида педагоглик фаолиятини олиб боради.
Кўргазмада Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ёш ўқитувчилари, олийгоҳ битирувчилари ва талабаларининг ижод намуналари намойиш этилди. Улар ўз устозлари раҳбарлигида доимо янгиликка интилиб, ўз маҳоратларини ривожлантирмоқдалар ва шу билан бирга, янги шаклларга эга бўлган анъаналарни сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.
Гулноза Бобоева,
Ойбек Пардаев, (сурат) ЎзА