“Шарқ марвариди-2026” — қардош халқларни яқинлаштирган нуфузли анъана
Пойтахтимиздаги «Ашхобод» сайилгоҳида ахалтаке отлари бўйича “Шарқ марвариди-2026” мусобақасининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
“Шарқ марвариди-2026” нафақат спорт ва миллий анъаналар байрами, балки қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ва маданий яқинликнинг яна бир амалий ифодаси сифатида эътибор қозонди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатлар барча соҳалар қатори спорт, маданият ва миллий қадриятларни асраш йўналишида ҳам янги босқичга кўтарилмоқда.
Айниқса, туркий халқлар тарихи ва турмуш тарзида алоҳида ўрин тутган йилқичилик анъаналари бугун икки мамлакатни янада яқинлаштирувчи муҳим омилга айланиб бормоқда.
Mазкур мусобақа ана шу эзгу мақсадларнинг амалий давоми бўлди.
Ахалтаке отлари азалдан чопқирлиги, нафосати, чидамлилиги ва зотдорлиги билан дунёда машҳур. Бугунги глобаллашув шароитида миллий қадриятларни асраб-авайлаш, уларни келгуси авлодга етказиш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этаётган бир пайтда “Шарқ марвариди” каби мусобақаларнинг ўтказилиши миллий меросга бўлган эътиборнинг амалий намунасидир.
Мусобақа давомида ўтказилган от пойгалари ва кўргазмали чиқишлар томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, иштирокчиларнинг юқори тайёргарлиги, отларнинг жисмоний ҳолати ва чиқишлардаги уйғунлик миллий от спортининг бугунги тараққиёт даражасини намоён этди.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорларга Президент совғалари топширилди. Бу, айни пайтда, мамлакатимизда миллий спорт турлари ва йилқичилик соҳасига қаратилаётган юксак эътиборнинг яна бир тасдиғи бўлди.
[gallery-29456]
“Шарқ марвариди-2026” халқларимизни бирлаштирувчи тарихий ришталар, умумий қадриятлар ва маданий муштаракликни яна бир бор намоён қилди. Бундай тадбирлар келгусида ҳам икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Жавоҳир Тошхўжаев, Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА