Шарафли касб эгаларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди
Навоий вилояти ҳокимлигида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами муносабати билан Президентимизнинг фармонига кўра тақдирланган бир гуруҳ ўқитувчиларга давлатимизнинг юксак мукофотларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Унда вилоятдаги ташаббускор ва фидойи, фаол, таълим тизими ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган соҳа ходимлари иштирок этди.
Дастлаб вилоят ҳокими Нормат Турсунов мамлакатимизда таълим тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати алоҳида эътироф этилаётганлиги ҳамда бир қатор имкониятлар яратиб берилаётганлигини алоҳида таъкидлади.
Бугунги кунда Навоий вилоятида ҳам таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятдаги умумтаълим мактабларнинг қиёфаси тубдан ўзгариб, замонавий бинолар қад ростламоқда.
Жумладан, сўнгги уч йилда вилоятда 8 та умумтаълим мактаби янгидан барпо этилган бўлса, 156 та мактабда реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 253 та мактабнинг моддий-техник базаси яхшиланиб, республика ва маҳаллий бюджетнинг 31,4 миллиард сўм маблағлари ҳисобидан 3000 дона компьютер, 450 дона электрон доска, мактабгача таълим ташкилотларига эса 1,9 миллиард сўм маблағ ҳисобига 550 дона планшетлар олиб берилди.
[gallery-25316]
Сўнгги 3 йилда таълим муассасаларида ишлайдиган педагогларнинг тоифаси 68 фоиздан 71 фоизга ошди. Шунингдек, 1870 нафар чет тили ўқитувчиларнинг 87 фоизи тил билиш сертификатига эга бўлди. Шунингдек, битирувчиларнинг давлат олий таълим муассасаларига кириши 7,3 фоизга ошиб, 48,3 фоизга етказилди. Давлат ва нодавлат олий таълим муассасаларга кириш 74 фоизга етди.
Юртимизда фидокорона меҳнат ҳар доим қадрланган. Жорий йилда ҳам давлатимиз раҳбарининг фармонига кўра, бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийлар Ватанимизнинг юксак унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди. Уларнинг 5 нафари навоийликдир.
– Таълимдаги ислоҳотлар ҳақида сўз борар экан, энг аввало, мактабгача таълимга эътибор ошгани, ўқитувчиларнинг қадр-қиммати, шаъни қайтарилгани, мажбурий меҳнатга барҳам берилгани, педагоглар бугун ўз иши билан шуғулланиши учун барча имкониятлар яратилганини таъкидлашни истардим, – дейди “Шуҳрат” медали соҳибаси, Навоий давлат университети профессори Шоира Носирова. – Вилоятда янги баҳолаш тизимига ўтказилган мактаб ўқувчилари билим самарадорлиги 58,4 фоиздан 72,5 фоизга ошган бўлса, ушбу мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириши ўртача 81 фоизга етди. Мана бир неча йилдирки, навоийлик ўқувчилар олий таълим муассасаларига ўқишга кириш бўйича биринчиликни қўлдан бермаяпти. Бу йил ҳам олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичининг ўртача бали бўйича республиканинг 208 та туман шаҳарлари ўртасида Зарафшон шаҳри 1-ўринни ва Навоий шаҳри 2-ўринни қайд этди. Бунда албатта, таълим муассасаларида меҳнат қилаётган устозларимизнинг алоҳида ҳиссаси бор.
Тадбирда давлат мукофотлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. Шунингдек, бир гуруҳ фидойи, ўз соҳасининг етук билимдонлари, ташаббускор ва фаол ўқитувчи ҳамда мураббийлар вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи, ташаккурнома ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари