Шарафли касб эгаларига эҳтиром кўрсатилди
Хоразм вилоятининг барча таълим муассасалари, устоз-шогирд анъанасини давом эттираётган жамоаларда, шунингдек, шаҳар ва туманларда катта давраларда шарафли касб эгаларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда. 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан асосий байрам тадбири Хива шаҳрида бўлиб ўтди. Унда устоз мураббийларга алоҳида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди.
Тўкин дастурхон атрофида ўзига хос кўтаринки кайфиятда нишонланган тадбир аввалида вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов сўзга чиқиб барчани байрам билан табриклаб, таълим-тарбия тизимида фаолият юритаётган шарафли касб эгаларининг жамиятда тутган ўрни ҳақида, соҳадаги ислоҳотлар борасида гапирди. Тадбир давомида ўз касбига садоқатли изланувчан устоз-мураббийларнинг бир гуруҳига вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ва байрам совғалари топширилди. Дилбар тароналар дилларга хушнудлик бахш этди.

Бугунги кунда вилоятдаги барча таълим муассасаларида хорижий тилларни ўқитишга ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда. Натижада кўнгилли тарзда юртимизга келиб ишлаётган чет эллик ўқитувчилар сафи ҳам ортмоқда.


Ўқитувчи мураббийларнинг меҳнат маҳсули юксак марраларни забт этаётган спортчиларимиз, халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлаётган ўқувчилар мисолида қолаверса, жамиятда ўз ўрнига эга бўлган барча инсонлар ҳаётида акс этади. Шу боисдан уларга ҳар қанча ҳурмат ва эҳтиром кўрсатсак арзийди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат, +видео),
ЎзА