Шарафли касб эгалари
Орамиздаги замондошларимиз
Бугун юртимизда таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилиб, ўқитувчи меҳнати қадрланмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “ўқитувчилар маошини минг долларга етказамиз”, деган ташаббус ўз тасдиғини топмоқда. Таълим соҳасида жорий этилган устамалар, рағбатлантириш тизими ва адолатли баҳолаш механизми меҳнат қилган, ўз устида ишлаган педагогни муносиб қадрлаш имконини бермоқда.
Буни Навоий вилояти Учқудуқ туманидаги 18-умумтаълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси Караматдин Низаматдинов фаолиятида кўриш мумкин.

Караматдин учун ўқитувчилик шунчаки касб эмас, болаликдан танланган ҳаёт йўлидир. Унинг таъкидлашича, ҳақиқий устоз фақат билим берувчи бўлиб қолмасдан, ўқувчининг ички дунёсига йўл топа оладиган, уни қўллаб-қувватлайдиган ва ишонч уйғота биладиган шахс бўлиши керак.
1998 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида туғилган Караматдин Низаматдинов 2016 йилдаёқ, ҳали коллежда таҳсил олаётган пайтида инглиз тили ўқув марказларида дарс беришни бошлаган. 2018 йилда эса педагоглик унинг тақдири эканини англаб, Навоий давлат педагогика институтида инглиз тили мутахассислиги бўйича таҳсил олди. Талабалик йилларида ҳам у устозлик фаолиятини тўхтатмади, кўплаб ёшларни тил ўрганишга қизиқтира олди.

2022 йилда олийгоҳни тамомлаб, Учқудуқ туманига ишга келган ёш педагог қисқа вақт ичида жамоа, ўқувчилар ва ота-оналар ҳурматига сазовор бўлди. Тинимсиз изланиш, ўз устида ишлаш ва аниқ натижалар самараси ўлароқ, у олий тоифага эга бўлди, “Вазир жамғармаси” ҳамда 70 фоизлик устамага лойиқ кўрилди. Бугун унинг ойлик умумий даромади 2000 долларга яқинни ташкил этмоқда.
Энг муҳими, бу кўрсаткичлар қоғозда эмас, балки ўқувчиларнинг ютуқларида акс этмоқда. Ҳозирга қадар Караматдин Низаматдинов 2000 нафардан ортиқ ёшни инглиз тилига қизиқтира олган. Учқудуқнинг ўзида 80 нафар, умумий ҳисобда эса 500 нафарга яқин шогирдлари B2 ва C1 даражадаги халқаро сертификатларга эга бўлган. Шунингдек, 30 нафар ўқувчиси Россия, Малайзия, Корея ва Қозоғистон каби давлатларда таҳсил олмоқда.
– Дарс жараёнида устоз билан ўқувчи ўртасидаги масофани имкон қадар қисқартиришга ҳаракат қиламан. Инглиз тили болалар учун мажбурий фан эмас, балки ҳаётий кўникма сифатида қабул қилиниши керак. Шунда ўқувчи тилни ўзи хоҳлаб ўрганади ва натижа ҳам юқори бўлади, – дейди қаҳрамонимиз.
Айни пайтда Учқудуқда ота-онаси билан истиқомат қилаётган ёш устоз фаолияти таълимга берилган эътибор, ўқитувчи меҳнати ва ўқувчининг интилиши уйғун бўлган жойда кутилган натижага эришиш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Караматдин Низаматдинов эришаётган бу каби ютуқлар замирида давлат томонидан яратилаётган имкониятлар, шу билан бирга, ўқитувчилик касбининг бугунги юксак нуфузи яққол намоён бўлиб турибди.
А.Бўриев, ЎзА