Шанхайда xалқаpo кўргазма иш бошлайди
“China International Import Expo” VI кўргазмаси ноябрь ойида Шанхай миллий кўргазмалар ва конфренция марказида иш бошлайди. Тадбир халқаро мақомга эга бўлиб, жаҳон иқтисодиёти учун омад ва тараққиёт рамзи сифатида баҳоланмоқда.
Кўргазмада 60 дан зиёд мамлакатдан ташкилот, компаниялар, шунингдек БМТ, Халқаро савдо маркази, Жаҳон савдо ташкилоти, “Fortune Global-500” рўйхатидан жой олган камида 20 та компания, 500 дан зиёд кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари вакиллари жам бўлади.
Мазкур нуфузли анжуманда, тахминан, 200 тача фирма олти йилдан буён узлуксиз иштирок этиб келмоқда, яна 400 компания икки йиллик танаффусдан кейин яна кўргазмага қайтмоқда. Намойишга қўйиладиган маҳсулотлар Хитойнинг ушбу мегаполисига дунёнинг турли бурчакларидан денгиз, ҳаво ва қуруқлик орқали етказилади.
2018 йил бўлиб ўтган биринчи кўргазма жаҳон савдосида ўзига хос воқеа бўлганди. Нисбатан қисқа давр мобайнида, яъни аввалги беш кўргазмада 130 мамлакат ва халқаро ташкилот вакиллари минглаб янги товарлари, хизмат ва технологияларини намойиш қилган. Натижада 350 миллиард долларлик умумий маблағ айланмаси таъминланган.