“Шанхай руҳи”дан “Самарқанд руҳи” сари
Давлатимиз раҳбарининг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали мақоласида қайд этилганидек, ШҲТ ўз моҳиятига кўра, тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши лозим.
Бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатлар ялпи ички маҳсулотининг умумий ҳажми жаҳон кўрсаткичининг қарийб чорак қисмини ташкил қилмоқда. Бу эса эндигина 20 ёшга тўлган ушбу минтақавий ташкилот томонидан дунёнинг барқарор ривожланишига қўшилаётган ҳиссанинг салмоғи юксак эканидан далолат беради.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитига кўплаб маҳаллий ва хорижий экспертлар жалб этилган. ЎзА мухбири ШҲТ саммитининг эксперти – “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати лойиҳа раҳбари Азиз Баратовнинг фикрлари билан қизиқди.
– ШҲТ томонидан илгари сурилган бешта ғоя аъзо давлатлар томонидан кенг қўллаб-қувватланди ва эътирофга сазовор бўлди. “Шанхай руҳи” бешта қарашни асос сифатида ўз ичига олган ҳолда ШҲТни қарама-қаршиликдан кўра иттифоқ ва ҳамкорлик ҳамда шерикчилик муносабатларини ўз ичига олган халқаро муносабатларнинг янги моделини илгари сурди. “Шанхай руҳи” Марказий Осиёда адолатли тартиб ҳамда халқаро сиёсий ва иқтисодий тартибни ўрнатиш бўйича инновацион ва самарали концепция саналади. У чуқур ўзгаришлар шароитида минтақавий ва ҳатто глобал бошқарув учун фойдали сабоқлар беради.
“Шанхай руҳи” янги турдаги халқаро муносабатлар ва умумий келажакка эга бўлган жамиятни қуришнинг икки конструкцияси билан бирлаштирилган. У замон тенденцияси ва ривожланаётган мамлакатларнинг интилишларини ифодалайди ва янги шароитларда минтақавий бошқарувга янги концептуал ғояларни қўшади. Мазкур ғоя ривожланаётган мамлакатларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини яхшироқ акс эттирувчи янги халқаро тартибни барпо этишда катта амалий аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали мақоласи ШҲТнинг Самарқанд саммити олдидан ташкилотнинг истиқболдаги устувор йўналишлари ва вазифаларини белгилаб берувчи муҳим концептуал ҳужжатга айланди.
Ҳусусан, мазкур мақолада Президентимиз бугунги кунда глобал даражада давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончнинг чуқур таназзулга юз тутаётгани, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ишончсизлик жараёни жаҳон иқтисодиётининг аввалги тараққиёт йўлига қайтишини ва глобал таъминот занжирларининг тикланишини мураккаблаштираётганлигини қайд этган. ШҲТнинг Самарқанд саммити умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ўзаро ҳурмат, ишонч, конструктив ҳамкорлик принципларига асосланган янги, инклюзив мулоқотни йўлга қўйиш борасида ўзига хос намуна бўла олишига ишонч билдирилган.
Унинг ягона ечими Президентимиз конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорлик, деб таъкидлаб ўтдилар. Шунингдек, самарали халқаро ҳамкорликка алоҳида урғу берилиб, унинг дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тараққиётнинг энг муҳим омили экани таъкидланган. Айнан шундай ёндашув замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун энг аниқ, мақбул ва самарали йўл экани билдирилган.
Шундан келиб чиқиб, мақолада “Шанхай руҳи”ни уйғун равишда тўлдириб турувчи “Самарқанд руҳи” – ҳамкорлик, ўзаро англашув ва дўстлик ифодаси шиори илгари сурилди. Самарқанд ташқи сиёсат бобида устувор йўналишлари турлича бўлган давлатларни бирлаштириш ва муросага келтиришга қодир айнан шундай платформага айлана олиши таъкидлаб ўтилган.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА мухбири