«Шанхай руҳи» – глобал мулоқот сари йўл
Глобал вазият кескинлашаётган, янги можаролар, хавфсизликка таҳдидлар ва иқтисодий ноаниқликлар авж олаётган бугунги кунда ШҲТ ўз тамойилларига содиқ қолди. 2025 йил 31 август – 1 сентябрь кунлари Хитойнинг Тянцзин шаҳрида ўтказилган саммит мазкур тамойилларнинг ҳаётийлигини яна бир бор исботлади.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) – бугунги кунда дунёнинг энг йирик минтақавий интеграция ташкилоти ҳисобланади. Унинг асосида ётган «Шанхай руҳи» – ўзаро ишонч, манфаат, тенглик, маслаҳатлашувлар, маданиятлар хилма-хиллигига ҳурмат ва биргаликда ривожланиш тамойилларини ўзида мужассам этган. Бу нафақат ташкилот аъзолари ўртасида, балки глобал даражада мулоқот ва ҳамкорликнинг янги модели сифатида намоён бўлмоқда. Хитой раҳбари Си Цзинпин саммитда таъкидлаганидек, «Шанхай руҳи» Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомида акс этган мақсадларга тўла мос келади ва минтақа хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Дастлаб 6 та мамлакатни бирлаштирган ШҲТ бугунги кунда уч қитъани қамраб олган, 26 та давлатни (10 аъзо, 2 кузатувчи, 14 мулоқот ҳамкори) ўз ичига олган йирик сиёсий ва иқтисодий майдонга айланди. Географик қамрови ва аҳоли сони бўйича у дунёдаги энг йирик интеграция ташкилоти сифатида халқаро миқёсда таъсирини тобора кучайтирмоқда.
Саммит доирасида илк бор ўтказилган «ШҲТ плюс» учрашуви ташкилот нуфузининг жаҳон миқёсида ошиб бораётганини яққол намоён этди. ШҲТ қарама-қаршиликка эмас, балки ҳамкорликка йўналтирилган ташкилот бўлиб, унинг олдида иқтисодий ўсиш ва модернизация каби муҳим вазифалар турибди.
Си Цзинпин илгари сурган глобал ривожланиш ташаббусининг саккиз устувор йўналиши: қашшоқликни камайтириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш, ривожланишни молиялаштириш, иқлим ўзгаришига жавоб бериш, яшил ривожланиш, саноатлаштириш, рақамли иқтисодиёт ва ўзаро боғлиқлик – ШҲТ доирасида кенг истиқболларга эга.
Ўзбекистон ШҲТнинг асосчиларидан бири сифатида унинг шаклланиши ва ривожида муҳим ўрин тутади. Президент Шавкат Мирзиёев Тянцзин саммитида глобал кескинлик авжига чиққанига урғу бериб, ШҲТ тамойилларига содиқликни янада муҳим деб таъкидлади. Президентимиз бугунги халқаро вазиятни “глобал даражада ишонч тақчиллиги мисли кўрилмаган даражага етган шароит” сифатида баҳолар экан, хавфсизликни таъминлаш учун янгича ёндашувлар ва самимий мулоқотлар зарурлигини таъкидлади. “Шу боис, — деди Президентимиз, — ҳозирги пайтда умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ҳамжиҳатлик бўйича биз илгари сурган Самарқанд ташаббусининг аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир”.
Маълумки, 2022 йил сентябрдаги Самарқанд саммитида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган «Самарқанд бирдамлик ташаббуси» халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, цивилизациялараро глобал мулоқотни ривожлантириш, келишилган ёндашув ва ечимларни излаш, ишончни тиклашга қаратилган.
ШҲТнинг муваффақияти хавфсизликни таъминлаш ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқ. У тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт сари интилувчи, ҳар қандай айирмачиликдан холи маконга айланиши лозим.
Ўтган йили 21–22 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ташаббуси билан, Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамкорлигида ШҲТ ва Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо-иштирокчи давлатларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритувчи ташкилотлар иштирокида маслаҳат йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Халқаро истеъмолчилар ташкилоти, ШҲТ аъзо давлатлари — Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Беларусь, ҳамда ТДТга аъзо ва ҳамкор давлатлар — Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Венгрия, Туркманистондан ташкилот раҳбарлари иштирок этди. Шунингдек, Грузия ва Арманистондан ҳам вакиллар қатнашди.
Маслаҳат йиғилишида халқаро, минтақавий ва миллий (давлат ёки нодавлат) ташкилотлар ўртасида икки ёки кўптомонлама битимлар тузиш; Мамлакатларда чет эллик сайёҳларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича миллий қонунчилик нормаларини жорий этиш; Трансчегаравий мурожаатларни ўрганиш ва ҳал этиш механизмларини такомиллаштириш; Электрон тижорат ва рақамли бозорларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид тажриба алмашиш; Мунтазам тренинглар, семинарлар, форумлар ташкил этиш йўли билан тажриба алмашувини йўлга қўйиш; ШҲТ ва ТДТ давлатларидаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг Халқаро Ассоциациясини ташкил этиш масалалари муҳокама этилган эди. Ҳозирда маслаҳат кенгашида белгиланган мақсад ва вазифалар устида иш олиб борилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, ШҲТ – қадимий цивилизациялар ўчоғи бўлган минтақани қамраб олган, у «Шанхай руҳи»га таянган ҳолда цивилизациялар тўқнашуви ғоясини рад этади, очиқлик ва мулоқотни қўллаб-қувватлайдиган ташкилотдир.
Жаҳонгир Саримсоқов,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси