Шамолдан самарали фойдаланиш бўйича ҳамкорлик
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Исроилнинг “G&Y Holding Ltd” компанияси асосчиси ва бош директори Григорий Исроилов бошчилигидаги ишбилармонлар делегациясини қабул қилди.

– Биз яқинда Қорақалпоғистон Республикасида бўлдик, – дейди Григорий Исроилов. – Ўрганишларимизга кўра, Қорақалпоғистонда йил давомида шамол тезлиги 7-12 метр/секундни ташкил этар экан. Шундан келиб чиқиб, мутасаддилар билан ҳудудда шамол электростанциясини қуриш бўйича музокаралар олиб бордик. Бухорода ҳам шу йўналишда икки томонлама манфаатли ҳамкорлик асосида иш олиб бормоқчимиз. Эшитишимизга қараганда Бухорода Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси кўмагида ҳам худди шундай йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Энергия ишлаб чиқарувчи сифатида биз ҳам ўз имкониятларимизни намойиш этиш истагидамиз. Учрашувда Исроил делегацияси аъзолари қишлоқ хўжалигида “Netafim” компанияси билан ҳамкорликда бизнес-режа хусусида тўхталиб ўтди. Бугун Бухоро давлат университетида “Netafim” компанияси таклиф этаётган хизматлар юзасидан ўтказилган тақдимотда қатнашдик. Университет раҳбарияти буни катта қизиқиш билан қабул қилди. Келгусида университетнинг агрономия йўналишида таҳсил олаётган талабалар, шунингдек, профессор-ўқитувчиларнинг компанияда амалиёт ва тажриба ўташлари бўйича ҳам дастлабки келишувлар бўлди. Бундан ташқари, университет раҳбари ўз ҳудудидан 10 гектар ер ажратиб, ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, бу ердан тажриба участкаси сифатида фойдаланиш бўйича ҳам гаплашдик.


Учрашув якунида таклиф этилаётган лойиҳаларни амалга оширишда ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА