Шаҳрихонда аёллар ва ёшлар муаммолари ўрганилмоқда
Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш борасида Шаҳрихон туманида ҳам қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 8 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳалла фуқаролар йиғинларида "Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”ни шакллантириш юзасидан қатор вазифа ва топшириқлар берилган эди.
Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш борасида Шаҳрихон туманида ҳам қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, туман ҳокимлиги, мутасадди ташкилотлари вакиллари ҳамда маҳалла фаолларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилди. Ишчи гуруҳлар аъзолари тумандаги 76 маҳаллада уйма-уй юриб, ёшлар ва хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганмоқда. Ўрганишлар доирасида “Ёшлар дафтари” ҳамда “Аёллар дафтари” шакллантирилмоқда.
– Президентимиз ташаббуси билан юртимизда ижтимоий ва моддий кўмакка муҳтож ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Шаҳрихон тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Бахтиёр Алимов. – Видеоселектор йиғилишда берилган топшириққа асосан, уларнинг билим олиш, касб эгаллашга бўлган иштиёқи, имконияти, бандлиги, умуман, ижтимоий аҳволи ўрганилиб, тегишли дафтарлар шакллантирилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, ёшлар ва опа-сингилларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, умуман, уларни қийнаётган муаммоларини бартараф этишга кўмаклашишдан иборат.
Тумандаги 1-сектор ҳудудида жойлашган “Абдусамат” маҳалласида ишчи гуруҳ таркибига кирган мутахассислар, маҳалла фаоллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, “Ёшлар" ва “Аёллар" дафтарларини шакллантириш юзасидан қатнашчиларга кенг тушунча ва маълумотлар берилди. Бу мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этишга яқиндан ёрдам бермоқда.
Мазкур сектордаги “Янги ҳаёт”, “Бувайда”, “Қайрағочгузар” сингари маҳалла фуқаролар йиғинларида бу борадаги ишлар намунали ташкил этилган.
– Маҳалламизда 2 минг 677 нафар аҳоли яшайди, – дейди “Абдусамат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муҳторжон Тўхтаев. – Аҳолининг аксарият қисмини аёллар ва ёшлар ташкил этади. Тузилган ишчи гуруҳ маҳалланинг ҳар бир кўчасида уйма-уй юриб, уларнинг муаммолари, қизиқиш ва имкониятларини ўрганилмоқда. Шундан келиб чиқиб, зарур чора-тадбирлар белгилаб оламиз.
Умуман, тумандаги барча маҳаллаларда аёллар ва ёшлар муаммоларини ўрганиш белгиланган тартиблар асосида изчил олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар 2 минг нафарга яқин аёллар ва ёшлар билан суҳбатлар ўтказилди.


