Хабар берганимиздек, март ойида мамлакатимизда “Наврўз” умумхалқ байрамига бағишланган бир қатор профессионал бокс турнирлари, жумладан 14 март куни пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида “AFP-1” турнири (Akhmat Fight Promotion) ўтказилади.
Бугун, 10 март куни ушбу бокс кечаси ташкилотчиларидан бири “Akhmat Fight Promotion” мутахассиси Ферузбек Йўлдошев турнирда ўтказиладиган марказий жанг хусусида маълумот берди.
Унинг сўзларига кўра, 14 март куни “Юнусобод” рингида аралаш якка курашлар (ММА) бўйича халқаро майдонда катта обрўга эга бўлиб келаётган ҳамюртимиз Нурсултон Рўзибоев профессионал боксдаги дастлабки жангини грузиялик чарм қўлқоп устасига қарши ўтказади. 
Шунингдек, мазкур турнир давомида 10 тага яқин жуфтликлар профессионал боксдаги илк жангларини ўтказиш учун рингга кўтарилади. Айтиш лозимки, Нурсултон Рўзибоев эртага, 11 март куни Баҳрайнда аралаш якка курашлар бўйича ўтадиган нуфузли турнирда бразилиялик Луис Фелипе Диас билан жанг ўтказиши кутилмоқда.
Мамлакатимиз профессионал боксчилари ҳақида яна бир қизиқ хабар. Рио Олимпиадаси ғолиби, 2019 йили Россияда ўтган жаҳон чемпионати олтин медаль соҳиби Шаҳобиддин Зоиров эртага, 11 март куни Англиянинг Эссекс шаҳрида Буюк Британия вакили Бретт Фидоэга қарши навбатдаги жангида иштирок этади. 
Истеъдодли боксчимиз Шаҳобиддин Зоиров шу кунга қадар профессионал боксда 3 та жанг ўтказган. Барчасида рақибларини мағлуб этган. Бундан ташқари, “Наврўз” байрами арафасида, яъни 19 март куни профессионал боксчимиз Бектемир Мелиқўзиев АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида ташкил этиладиган бокс кечасида канадалик Дэвид Зегарра билан 10 раундлик жанг ўтказиши режалаштирилган.
Т.Рўзиев, ЎзА