Шаҳарсозлик кенгашига аъзо 26 та идора ўртасида мулоқот ва ҳамкорлик йўқлиги айтилди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Сансалорликнинг яна бир сабаби – жойларда шаҳарсозлик кенгашига аъзо 26 та идора ўртасида мулоқот ва ҳамкорлик йўқлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу боис, шаҳарсозлик кенгашига Тошкент шаҳри ва вилоят ҳокимларининг ўзи бошчилик қилиб, тадбиркорнинг масаласига якуний ечим бериши белгиланди.
“Шаффоф қурилиш” рейтингида қурувчиларга лизингга олинган техникаси учун балл берилмаётгани нотўғри экани қайд этилди. Бундай техникалар ҳисобга олинса, камида 500 та корхонанинг рейтинги 1-2 поғона кўтарилиб, 17 триллион сўмлик бозорга кириш имкони пайдо бўлади.
Қурилиш вазирлигига лизингга олинган техникалар электрон базасини ишга тушириб, “Шаффоф қурилиш” тизимига интеграция қилиш ва балл беришни бошлаш топширилди.
Бундан ташқари, пудрат корхоналарига чет элдан йилига битта махсус техника олиб келиш бўйича чекловни бекор қилиш зарурлиги қайд этилди.
Умуман, мутасаддиларга уч ойда қурилишга рухсат олишдан бошлаб, фойдаланишга топширишгача бўлган барча жараёнларни таҳлил қилиб, талаблар, муддатлар ва тўловларни 2 баробаргача қисқартириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.
ЎзА