Шаффофлик таъминланади...(ми?)
Тошкент шаҳри газ истеъмолчиларига газлаштириш бўйича хизматлар, хусусан газ ўлчагичларини ўрнатиш, фойдаланишга яроқсиз ўлчагичларни алмаштириш хизматларини кўрсатиш бўйича нархномалар тасдиқланган.
МУНОСАБАТ
Тошкент шаҳри бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг www.uza.uz сайтида 2019 йилнинг 15 март санасида муаллиф Ғайрат Шириновнинг “Саволлар кўп, жавоблар-чи? Ёхуд газ ўлчагичлар борасидаги муаммолар” сарлавҳаси остида эълон қилинган мақола борасида қуйидагиларни маълум қилади.
Тошкент шаҳри газ истеъмолчиларига газлаштириш бўйича хизматлар, хусусан газ ўлчагичларини ўрнатиш, фойдаланишга яроқсиз ўлчагичларни алмаштириш хизматларини кўрсатиш бўйича нархномалар тасдиқланган. Ушбу нархлар Тошкент шаҳри бўйича ягона бўлиб, барча “Тумангаз” хизматлари томонидан фойдаланилади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 30 июлда 2604 рақами билан рўйхатдан ўтказилган, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясининг 2014 йил 7 июлдаги к-3 ва к-1-сонли қарорининг иловаси - Газни ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг “2.Газни ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш учун ечиб олиш” ва “5.Текширувдан ўтказилган газни ҳисобга олиш приборини ўрнатиш” бобларида газни ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш учун ечиб олиш ва ўрнатиш тегишли ҳудуддаги газ таъминоти корхонасининг мутахассислари томонидан амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган. Ушбу Низомда газ ўлчагичларни ечиш ва ўрнатиш пуллик хизмат тарзида амалга оширилиши кўрсатиб ўтилмаган.
“Ўзтрансгаз” акциядорлик компаниясининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов номига ёзилган 2011 йил 3 августдаги 02-01-29-21/4855-сонли хатига мувофиқ, истеъмолчиларнинг газ ўлчагичларини давлат қиёслов кўригидан ўтказиш учун ечиш ва ўрнатиш газ таъминоти филиаллари томонидан бепул амалга оширилиши кўрсатилган.
Юқоридагиларга асосан, истеъмолчиларнинг газ ўлчагичларини давлат қиёслов кўригидан ўтказиш учун ечиш ва ўрнатиш филиал тасарруфидаги газ таъминоти участкалари томонидан бепул амалга ошириб келинмоқда.
Кўп қаватлик уйлардаги хонадонларга (квартира) янги ҳисоблагич ўрнатиш хизмат ҳақи материалларсиз (карбид кальций, кислород, пайвандлаш сими) 70308 сўмни ташкил этади. Ерлик хонадонларда янги ҳисоблагич ўрнатиш хизмат ҳақи материалларсиз (карбид кальций, кислород, пайвандлаш сими) 97457 сўмни ташкил этади.
Бундан ташқари, истеъмолчиларга, уларнинг мурожаатига кўра, янги газлаштириб бериш ишлари бўйича хизмат кўрсатилганда, газ тармоқларини тортиш, текширувдан ўтказиш, пайвандлаш ишлари учун нархноманинг алоҳида бандлари бўйича хизмат ҳақи ҳисобланган ҳолатда, газ ҳисоблагичларни бурама кертик йўл орқали ўрнатиш (установка счетчиков на резбовых соединениях) ишларининг нархи, ҳисоблагичларнинг вазнидан келиб чиққан ҳолда 1,5 килограмм вазнгача бўлган ҳисоблагич учун - 35850 сўм, 5 кг вазнгача бўлган ҳисоблагич учун - 54298 сўм ҳамда 10 кг вазнгача бўлган ҳисоблагич учун - 71700 сўм этиб белгиланган. Истеъмолчиларга тегишли, фойдаланишга яроқсиз ҳисоблагичларни ўрнига истеъмолчи томонидан харид қилинган янги ҳисоблагичга алмаштириш хизмати - 26747 сўм этиб белгиланган.
Мақолада келтирилган ҳолатнинг юзага келиши, журналист билан бўлган мулоқотда баъзи “Тумангаз” участкалари раҳбарлари томонидан кўрсатиладиган пуллик хизматлар нархини пайвандлашда ишлатиладиган хомашё материаллари нархисиз айтиб ўтганлиги, бошқа участка раҳбарларининг эса тахминий ҳолда сарфланадиган хомашё материаллари нархи билан келтирилганлиги сабаб бўлган.
Юзага келган тушунмовчилик бартараф этиш мақсадида, филиал тасарруфидаги барча газдан фойдаланиш участкалари масъул ходимлари иштирокида йиғилиш ташкил этилиб, масала муҳокама этилди.
Барча “Тумангаз” участкаларида тасдиқланган нархномаларга қатъий амал қилиш тўғрисида “Тумангаз” раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари огоҳлантирилди (йиғилиш баёнидан нусха ҳавола этилади). Бундан ташқари, шаффофликни таъминлаш, табиий газ истеъмолчиларини газ таъминоти филиали томонидан кўрсатиладиган пуллик хизматлар нархини кенг омма эътиборига ҳавола этиш мақсадида филиалнинг интернет сайтида нархномалар чоп этиш режалаштирилди.