“Shaffof yoʼl” платформаси ишга тушади
Вазирлар Маҳкамасининг «Автомобиль йўллари соҳасида очиқлик стандартларини жорий этиш ва соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари» тўғрисидаги қарорига мувофиқ, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан “Shaffof yoʼl” онлайн ахборот платформаси ишлаб чиқилади.
Ушбу платформа 2022 йил 1 июлдан бошлаб тест – синов режимида иш бошлайди.
Платформага автомобиль йўлларига оид ахборотлар жойлаштириб борилади.
Автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш ишлари учун йўналтирилаётган маблағларнинг харажати тўғрисидаги маълумотлар;
автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш объектларида олиб борилаётган йўл қурилиш ишлари ҳақидаги, шу жумладан, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари билан боғлиқ маълумотлар;
маҳаллий ҳокимликлар буюртмачилигидаги ички хўжалик йўллари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларидаги кўчалар тўғрисидаги маълумотлар тегишли вазирлик, идора ва маҳаллик кенгашлар томонидан “Shaffof yoʼl” платформасига киритиб борилади.
“Shaffof yoʼl” платформасининг алоҳида саҳифаси орқали аҳолининг йўллар носозлиги, шунингдек, йўлларда ва йўл бўйида хавфсиз ҳаракатланиш учун юзага келган фавқулодда техник муаммолар (светофорлар ва йўл белгилар ўрнатилмаганлиги ёки уларнинг шикастланганлиги, табиий офатлар натижасида юзага келадиган ҳодисалар ортидан ҳосил бўладиган оқибатлар) ҳақида фото ва видеомурожаатлар жамоатчилик фикри асосида шакллантирилади.
Платформада жойлаштириладиган маълумотлар базаси Автомобиль йўллари қўмитаси расмий веб-сайти ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларга тегишли маълумотлар базалари билан интеграциялашган ҳолда юритилади.
2022 йил 1 майга қадар автомобиль йўллари қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш объектларининг интерактив онлайн харитаси – схемасини ишлаб чиқилади платформага жойлаштирилади.
ЎзА