Сеулда коронавируснинг учинчи тўлқини бошлангани айтилмоқда
Жанубий Корея пойтахти Сеулда коронавирус инфекциясининг учинчи тўлқини бошланмоқда, деди мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Юн Тэ Хо журналистлар билан уюштирилган брифингда.
The Korea Herald нашрининг келтиришича, вакил ҳозирда касалланиш кўрсаткичи феврал-март ҳамда август ойлари билан солиштирганда анча юқори эканини таъкидлаган. Шу боис, шаҳар ҳокимияти вазиятни самарали қўлга олиши учун соғлиқни сақлаш органлари томонидан ижтимоий масофа даражасини ўзгартириш бўйича тавсиялар эълон қилинмоқда.
"Тартибларни янада қатъийлаштириш вирусни тўхтатиш учун самарали кечиши мумкин, бироқ бу иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатади, шу боис ҳокимият вирус билан боғлиқ хавф ва вазиятни аниқ баҳолаши зарур", — дея қўшимча қилди Юн Тэ Хо.
Жанубий Кореяда бир неча кундирки, кунига 300 дан зиёд киши коронавирусга чалинаётгани қайд этилмоқда. Куни кеча Сеулда вирус юқтириш билан боғлиқ 218 та ҳолат қайд этилган. Бу август ойидан буён энг кўп кўрсаткич ҳисобланади.