Сеулда дунё журналистлари тўпланди
Бугун ер юзининг турли бурчакларидан келган журналист, эксперт ва тадқиқотчилар "Жаҳон журналистлари конференцияси-2025" очилиш маросимида йиғилди.
Тадбирнинг дастлабки босқичида журналистикада сунъий интеллект (СИ)нинг роли, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинмоқда.

Конференция очилишида сўзга чиққан Корея журналистлар уюшмаси раҳбари Парк Жонг Хюн янги технологияларнинг ривожланиши ва медиа маконидаги аҳамиятини таъкидлади. Сунъий интеллект ахборот тарқатиш жараёнига янги инновациялар олиб кираётгани ва бу жараён соҳа келажаги учун муҳимлигини қайд этди.

Конференция давомида СИ ёрдамида маълумотни тез таҳлил қилиш, хабар ёки янгиликни осон тайёрлаш ва тарқатиш билан боғлиқ фаолиятни самаралироқ ташкил этиш мумкинлиги ҳақида фикр алмашилди. Шу билан бирга хавфсизлик масаласи, ахборотнинг ишончлилиги ва этик тамойилини сақлаб қолиш зарурлигига эътибор қаратилди.


Яна бир муҳим мавзу – иқлим ўзгариши. Журналистлар мазкур жараённи ёритишда янада фаол бўлиш кераклиги, атроф-муҳит муаммоси бугунги кунда жаҳон миқёсида долзарб аҳамиятга эга экани қайд этилди. Хусусан, айни мавзуга оид ахборотни тайёрлашга янгича ёндашув, графика воситалари ёрдамида аудиторияни жалб этиш усуллари кўриб чиқилди. Ижтимоий медиа платформалари орқали одамларни маълум бир ҳаракатга ундаш учун креатив контент яратиш зарурлиги таъкидланди.
Мусулмон Зиё, ЎзА
Жанубий Корея, Сеул шаҳри