Сеул узр сўради: дрон можароси ортида шахс омили
Жанубий Корея Президенти Ли Чжэ Мён дрон билан боғлиқ ҳодиса учун Шимолий Кореядан узр сўради. Давлат раҳбари айтишича, бу ҳаракат давлат сиёсатини билдирмайди, балки айрим шахслар масъулиятсизлиги натижасидир. Сеул келажакда бундай ҳолатлар такрорланмаслиги чораси кўрилишини таъкидлади. Мазкур баёнот ҳукумат йиғинида расман эълон қилинди.
Текширув кўрсатдики, ҳодисада махсус хизмат – “National Intelligence Service” ходими ва бир ҳарбий иштирок этган. Шунингдек, 30 ёш атрофидаги фуқаро дрон учириш билан боғлиқ қонунни бузишда айбланди. Унга нисбатан авиация ва миллий хавфсизлик қоидасини бузиш моддаси бўйича иш очилган. Расмийлар бундай ҳаракат конституцияга зидлигини билдирди.
Аввалроқ Пхеньян жанубдан юборилган дрон мамлакат ҳудудига кирганини эълон қилганди. Шимолликлар воқеани “жиддий иғвогарона амалиёт” сифатида баҳолаб, дрон уриб туширилганини айтган. Сеул дастлаб ҳарбий иштирокни инкор этган ва қарши тергов бошлаган. Охирги баёнот эса вазиятга аниқлик киритиш мақсадини кўзлайди.
Сўнгги ойларда КХДР Жанубий Кореяни “душман давлат” деб атаб, ўзаро муносабатни янада совутган. Умуман, бундай ҳолатлар минтақадаги кескинлик кучайиши хавфини оширади. Жануб эса вазиятни барқарорлаштириш, янги можаронинг олдини олишга уринаётганини билдирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА