Сессияда долзарб масалалар муҳокама қилинди
Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳудудда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, 2023 йилнинг ўтган даври мобайнида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларнинг ҳолати ва келгусида белгиланган асосий вазифалар муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифи давомида белгиланган долзарб вазифаларнинг бажарилиши устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини амалга ошириш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари томонидан вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш ва иш ўринларини яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати ўрганилган.
Сессия ишида дастлаб ишчи гуруҳ томонидан олиб борилган ўрганишлар юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси, ишчи гуруҳи раҳбари Нодир Жумаевнинг маърузаси тингланди.
Шундан сўнг депутатлар Бухоро шаҳри ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Б.Шариповнинг ахборотини эшитди. Қайд этилишича, 2023 йил 7 ойи мобайнида Бухоро шаҳрида жами 846 ёки 1,17 фоизга жиноятлар камайишига эришилган. Жиноятларнинг 61 фоизи олдини олиш мумкин бўлган, 39 фоизи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ташаббуси билан аниқланган жиноятларни ташкил этган. Олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар ўтган йилга нисбатан 24 тага ёки 7,8 фоизга камайган.
Ҳисобот даврида тазйиқ ва зўравонликка учраган 220 нафар аёлга нисбатан ҳимоя ордери расмийлаштирилди, бунинг натижасида 51 оила яраштирилди, 14 нафар фуқаро ҳимоя ордери талабларини бузганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилди.
Депутатлар бу борада амалга оширилган ишларни эътироф этиш билан бир қаторда ечимини кутаётган масалалар мавжудлигини қайд этишди. Хусусан, хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар сони ўтган йилга нисбатан 56 фоизга, ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар 18,8 фоизга ҳамда вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар 144 фоизга ошгани танқид қилинди. Жамиятимизнинг асосий бўғини ҳисобланган мазкур тоифадаги шахслар билан олиб борилаётган профилактик ишлар етарли даражада бажарилмаганига эътибор қаратилди.
[gallery-13272]
Ушбу масала юзасидан Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашининг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссияси раиси Р.Казимованинг муносабати тингланди.
Кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан Бухоро шаҳри ҳокими Ж.Носировнинг ахборотига кўра, 2023 йилда шаҳарда янги иш ўринларини ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар ишлаб чиқилган.
Бухоро шаҳрида 2023 йилнинг январь-июль ойлари давомида жами 15,8 минг аҳоли бандлигини таъминлашга эришилган. Жумладан, 9,1 минг нафар ишсиз ва кам даромадли фуқарони доимий, 5,6 минг нафарини легаллаштириш ва 1,1 мингтасини мавсумий ишларга жалб қилиш ҳисобига улар қўшимча даромад билан таъминланган. Мавсумий жамоат ишларига ишсиз фуқароларни жалб қилиш ишларини ташкил этиш орқали 923 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган.
Жорий йил давомида ҳоким ёрдамчилари кўмаги билан 17 158 нафар фуқаро доимий ишга, 2 655 нафари мавсумий ишга, 7 669 нафар фуқаро эса турли хилдаги касб-ҳунарга йўналтирилган.
Сессия ишида иштирокчилар томонидан жорий йилнинг 1-ярим йиллигида шаҳардаги 65 маҳалланинг 53 таси (ёки 81,5 фоизи) ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантирилгани эътироф этилди.
Шу билан бирга, соҳадаги айрим масалалар танқид остига олинган. Жумладан, шаҳарда янги ишлаб чиқариш қувватлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилиши ҳамда янги иш ўринлари яратилишига қарамасдан, норасмий секторда фаолият олиб бораётган фуқароларнинг кўплиги сабабли ҳудудда ишсизлик даражаси юқорилигича қолмоқда. Шунингдек, “Аёллар дафтари”ни шакллантиришда масъуллар томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар ҳам жиддий эътирозларга сабаб бўлди.
Сессия йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳи аъзоларининг ҳам муҳокама этилган масалалар бўйича фикр ва мулоҳазалари, таклифлари эшитилди.
Хусусан, йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Н.Исмоилов сўз олиб, мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар, унинг моҳияти ва аҳамияти, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ўрни ва масъулияти ҳақида, шунингдек, Президентимизнинг Фарғона, Тошкент ва Бухоро вилоятларида ўтказилган йиғилишларида белгилаб берилган устувор вазифалар ҳақида алоҳида тўхталди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА