Серқирра ижодкордан янги туҳфалар
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида улуғ венгер шоири Шандор Петёфининг ўзбек тилидаги "Озодлик" шеърлар тўплами ҳамда таниқли ўзбек шоири, моҳир таржимон Рустам Мусурмоннинг "Бир жуфт сўз" китоби тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид кейинги йилларда мамлакатимизда хорижий асарларни она тилимизга таржима қилиш, ўзбек ижодкорларининг китобларини чет тилларида нашр этиш борасидаги ишлар янги босқичга чиққанини таъкидлади.

Венгрия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дьюла Ковач Шандор Петёфи ўз юртининг асарлари энг кўп таржима қилинган ижодкори бўлганини таъкидлади. Гарчи Ш.Петёфи 26 йил умр кўрган бўлса-да, унинг асарлари ҳали ҳаётлиги пайтидаёқ кўплаб тилларга ўгирилган. Асарлари дунё халқларининг 50 дан ортиқ тилларига таржима қилинган Шандор Петёфининг шеърлари Рустам Мусурмон томонидан она тилимизга ўгирилгани венгер ижодкори асарларининг тарғиботида муҳим аҳамият касб этади.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов халқлар ўртасидаги дўстликнинг янада бардавом бўлишини таъминлашда адабий ҳамкорлик, фидойи таржимон ижодкорлар муҳим ўрин эгаллашини қайд этди.

Маълумки, бу йил жаҳонда Шандор Петёфи таваллудининг 200 йиллиги кенг нишонланди. Венгер халқининг руҳияти, қалби, орзу-умидлари унинг асарларида кўзгудек акс этган. Ижодкор ўзининг илк шеърий тўпламини 21 ёшида эълон қилган. Шоир адабиётдаги биринчи қадамлариданоқ венгер шеъриятини янги босқичга кўтаришга қодир истеъдод соҳиби эканини намоён этди.
Петёфи Ватани озодлиги ҳақида ёниб куйлади, Австрия империяси истибдодига қарши олиб борилган 1848-1849 йиллардаги жанговар кураш йўлбошчиларидан бири сифатида танилди. У 26 ёшида миллий инқилобни бостиришга келган ҳарбийлар билан кечган тенгсиз жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлганди. Шоирнинг "Қишлоқ болғаси", "Паҳлавон Янош", "Шамоллар", "Шалго"," Ҳаворий" каби тўпламлари ва насрий асарлари машҳур.
Ўтган 2022 йилда ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти Шандор Петёфи шеърларининг энг яхши таржимаси учун туркий тилли давлатлар зиёлилари ўртасида танлов эълон қилди. Унда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон ғолиб деб топилди.
"Озодлик" китобига Шандор Петёфи асарларининг Рустам Мусурмон томонидан амалга оширилган янги таржималари киритилган. Рустам Мусурмон бу йил 60 ёшни қаршиламоқда. У юртимизнинг фаол ижод қилиб келаётган шоирларидан саналади. Шоирнинг "Руҳимнинг товуши"," Хиргойи", "Бозбарак", "Бир жуфт сўз" каби шеърлар ва достонлар тўпламлари, "Муқанна" қиссаси ана шундай ўзига хос бадиий талқини ва халқона фалсафаси билан китобхонлар эътиборига сазовор бўлган.
Шоир ижодий фаолияти давомида бадиий таржима билан ҳам жиддий шуғулланиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида Рустам Мусурмон рус тилидан Марина Цветаева, Осип Мандельштам, Велимир Хлебников, Белла Ахмадулина шеърларини, Александр Файнбергнинг "Чиғир", "Қораламага қасида" номли шеърлар тўпламларини, қорақалпоқ тилидан Бердақнинг "Юрт ғамхўри керак менга", Шарап Уснатдиновнинг "Ибройим Юсупов" роман-эссесини, Кенгесбой Каримовнинг "Оғабий" романи, Сарвиноз Мусатдинованинг "Карвон йўллари", Аллаяр Дарменовнинг "Ой дўст", Бахтиёр Генжамуроднинг "Узукдарё битиклари", " Юракнинг ўтли осмони", Соғинбой Иброҳимовнинг "Йўл ўртаси" шеърлар ва достонлар тўпламларини, Ўрозбой Абдураҳмонов, Муратбой Низанов, Алланазар Абдиев, Бекназар Эрназаровнинг повесть ва ҳикояларини қорақалпоқ тилидан ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган.
"Туркий адабиёт дурдоналари" 100 жилдлик китоблар мажмуасида қорақалпоқ адабиётига ажратилган 5 жилдлик китобларни нашрга тайёрлади. "Қорақалпоқ замонавий шеърияти антологияси" китобини ўзбек тилига ўгирди.
Тадбирда атоқли шоир Рустам Мусурмон ижоди ҳақида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова,
ЎзА