Бугун таниқли адабиётшунос, таржимашунос, таржимон ва муҳаррир, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Эргаш Очилов туғилган куни.
Кеча Ўзбекистон Фанлар академияи Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида таниқли адабиётшунос, таржимашунос, таржимон ва муҳаррир, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, филология фанлари номзоди, профессор Эргаш Очилов таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан “Филологиянинг долзарб масалалари” мавзусида республика илмий-назарий конференцияси ўтказилди.
Шогирдмисан – шогирд! Дарвоқе, устозлар ҳақида шогирдлар ёзишига кўникканмиз-у, тескарисини жуда кам учратамиз. Бироқ...
Устозим, атоқли шарқшунос, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, филология фанлари доктори, профессор Нажмиддин Комилов 60 ёшга тўлганлари муносабати билан “Халқ сўзи”да “Комиллик сири” сарлавҳали мақолам чиқди. Домла ўқиб: “Китобнинг бир боби тайёр бўлибди-ку”, – дедилар. Бу каминага бир ишора эди. Йиллар ўтиб, таниқли шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдували Қутбиддин фарзандининг тўйида домла уч-тўрт гувоҳ олдида каминага: “Мен сиз ҳақингизда бир китоб ёзаман, лекин сиз ҳам мен ҳақимда бир китоб ёзинг”, – деб қолдилар. “Устознинг шогирд ҳақида китоб ёзиши қандай бўлади, билмадим-у, лекин мен Сиз ҳақингизда, албатта, китоб ёзаман”, – дедим. Бироқ бир атоқли шахс, аллома, давлат ва жамоат арбоби тўғрисида китоб ёзиш осон иш эмаслигини ҳис қилиб юрибман. Устознинг бу гаплари каминага васият эканини кейин англадим. Бошқа тарафдан бу устозлар шогирдлари ҳақида ҳам ёзиши кераклигига даъват ҳам бўлди.
Яқинда бир укахонимиз профессор илмий унвони олдилар. Кўп танишлар каминани табриклади ҳам, баъзилар “айб”имизни юзимизга солди ҳам: “Шогирдингиз сиздан олдин профессор бўлибди, юраверасизми?” – деди-да. Биз ҳам гап ейдиганлар тоифасидан эмасмиз-ку: “Ўғли ўзидан олдин фан доктори бўлганига “чидаган” одам бунисига ҳам “чидайди”, ҳеч хавотир олманг”, – дедим.
Зуллисонайнлик. Кўпларнинг Бухорода мавжуд иккитиллилик борасидаги тасаввурлари у қадар тўғри эмас. Биринчидан, бу мамлакатимиз минтақалари орасида тожиклар энг кўп яшайдиган ҳудуд бўлса ҳам, уйида тожикча сўзлашадиганлар сони умумаҳолининг 25 фоизидан ошмайди. Яъни Бухорода ҳамма ҳам тожикчани билавермайди. Бу маънода вилоятда, асосан, уч хил қишлоқ – бор: ўзбек қишлоқлари, тожик қишлоқлари ва аралаш қишлоқлар. Аралаш қишлоқларда фалон-фалон ҳовлиларда ўзбекча, фалон-фалонларида эса тожикча сўзлашилади. Ана шу аралаш қишлоқларда ўзбекларнинг кўпи тожикчани ҳам билади. Аммо бундай қишлоқлар – жуда оз. Масалан, камина туғилиб ўсган ҳудуддаги мактабда уйида тожикча гаплашадиган бирор нафар ўқувчи ҳам ўқимаган.
Шогирдимиз 1965 йилнинг 15 ноябри куни Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидаги ана шундай икки тилли қишлоқда туғилиб ўсган. Бу маконнинг “Янгиқишлоқ” деб номланиши ҳам бежиз эмас. У ерга атроф теваракдаги ўзбек ва тожик қишлоқларидан халқ кейинчалик кўчиб келиб, ўрнашган.
Болаликдан икки тилни баравар билиб ўсгани кейинчалик унинг ижоди ўзак йўналишини белгилаб берди. Чунки ўзбек адабиётининг минг йиллик тарихини асло-асло форс-тожик сўз санъатидан айри ҳолда тасаввур қилиб ҳам, демак, ўрганиб ҳам бўлмайди.
Энди бир нарсани очиқ айтиш ва тан олиш – керак. Уйда тожикча гаплашилгани, ҳали бу тилни унда яратилган адабий асарларни тадқиқ этиш, айниқса, ўзбек тилига ўгириш даражасида билиш, дегани эмас. Бунинг учун, эҳ-ҳе, яна қанчадан-қанча меҳнату машаққат – керак.
Форс-тожикда, жаҳон сўз санъати миқёсида олиб қаралганда ҳам, жуда-жуда бой адабиёт, айниқса, жуда кучли шеърият яратилди. Бошқа, хусусан, туркий халқлар вакиллари ҳам шу забонда ижод қилиб, унинг равнақига муносиб ҳисса қўшди, албатта.
Собит йўл. Уни талабалик йиллари таниганман. Бунга ҳам, қаранг, 51 йил бўлибди. Бу орада ТошДУ(ҳозирги ЎзМУ)нинг Журналистика факультети кечки бўлимини имтиёзли диплом билан битирди (1989). Ўқиш даврида ва ундан кейин ҳам бир муддат (1984 – 1992) Тошкент шаҳридаги “Тошкитоб” савдо идорасида экспедитор бўлиб ишлади. Ўша йиллари ўз маъносида китобларга кўмилиб-бурканиб яшади. Кўп нарса ўқиб ташлади ҳам. Қўлига тушган китобни ўқиди ўзи ҳам.
Форс-тожик тилидаги рубоийларнинг ўзбекча таржималари таҳлилига бағишланган диплом иши ёзиб, ёқлади. Кейин бу тадқиқотини давом эттириб, 1994 йили каминанинг илмий раҳбарлиги ва устозим Нажмиддин Комиловнинг илмий маслаҳатчиликларида “Рубоий таржимасида шакл ва мазмун бирлиги” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.
1992 йилдан Ўзбекистон Фанлар академияси ҳозирги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида хизмат қилиб келмоқда. Аввал Таржима назарияси ва адабий алоқалар бўлимида ишлади. Орада бир муддат (1995 – 1998) Ўзбекистон Фанлар академияси Раёсатида ижтимоийгуманитар фанлар бўлимининг илмий котиби лавозимида фаолият кўрсатди. 1998 – 2000 йилларда докторантурада таҳсил олди. 2000 – 2020 йилларда Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи, 2020 – 2025 Адабиёт назарияси ва адабий алоқалар бўлими катта илмий ходими бўлиб ишлади. 2025 йилдан ХХ аср “Ўзбек адабиёти ва ҳозирги адабий жараён” бўлимига мудирлик қиляпти.
Муҳаррирлик. Камина 1980 – 1984 йиллари “Ўзбек тили ва адабиёти” журнали масъул котибининг ёрдамчиси бўлиб ишлаганман. Журнал материаллари Институтда тайёрланар, лекин таҳрир ишларини “Фан” нашриётининг махсус катта муҳаррири амалга оширар эди. 2000 йилдан буён бу укамиз – шу журналнинг масъул котиби. Ёрдамчиси – йўқ. Таҳрир ишлари ҳам – ўзининг зиммасида. Ҳолбуки, таҳрир – алоҳида иш. У, очиғи, ҳамма қаламкашнинг ҳам қўлидан келавермайди. Яна бир кишининг бўйнига бир йилда 6 та сон чиқариш масъулияти юкланган. Инжиқ-инжиқ муаллифлар билан ишлашнинг ўзини айтинг.
Муаллимлик. Бир донишманд: “Ё олим, ё муаллим, ё сомеъ бўл!” – деган экан. Олим муайян масалани тадқиқ этиб, илмий хулосалар чиқади. Муаллим мавжуд билимларни ёшларга дарс орқали етказади. “Сомеъ” сўзи “эшитувчи”, “тингловчи”, яна ҳам аниқлаштирилса, “талаба”, “шогирд” маъносини ифодалайди.
Укамиз – ҳам олим, ҳам муаллим. 2004 йилдан буён ўриндошлик асосида Тошкент давлат шарқшунослик университети магистрантлари ва талабаларига таржимашунослик йўналишидаги фанлардан дарс бериб келади.
Тиришқоқлик. Таржима назарияси ва адабий алоқалар бўлимида икки йил бир хонада ўтирдик. Биз ‒ эски ходимлар бамайлихотирроқ эдик. Диссертацияни ёқлаб олганмиз. Ишхонада бемалол бир-биримиз билан ундан-бундан суҳбатлашамиз. Аччиқ-аччиқ чой ё кофе ичилади. Бир қўл-икки қўл шахмат ҳам ўйналади, десангиз. Бу камиз бошқалар билан саломлашарди, холос. Кела солиб, столида мук тушиб ишларди. Ўқирди, ёзарди. Унинг меҳнаткашлиги, вақтини қадрлаши, чаққонлигига ҳавас қилардик. Бугун эса шу тиришқоқликнинг ширин меваларидан бутун халқ баҳраманд бўлиб турибди. Энг муҳими, бундан халқ баҳраманд бўляпти.
Диапозон. У ёзган, таржима қилган ва нашрга тайёрлаган китобларнинг умумий адади – 147 та. Улар қаламкаш уйидаги китоб жавонларининг бирини лиқ тўлдириб турибди.
Туркий ва форсий халқлар мумтоз адабиёти, адабий алоқа ва бадиий таржима масалалари билан шуғулланади. Рус, форс, тожик, дарий, туркман, озарбойжон, татар, қорақалпоқ тилларидан шеърий ва насрий таржималар қилади.
500 дан ортиқ илмий ва илмийоммабоп мақолалари чоп этилган. Бундан ташқари, турли қомуслар учун 1 мингга яқин мақола ёзган. Жумладан, 12 жилдлик “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”(2000 – 2006)да 40 қа, 2 жилдлик “Алишер Навоий” қомусий луғат”и(2016)да 200 га яқин, 4 жилдлик “Алишер Навоий энциклопедияси”(2024)да эса 750 дан зиёд мақоласи нашр қилинган. Шунингдек, 50 дан зиёд мақола ва тезиси Россия, Эрон, Туркия, Ҳиндистон, Озарбойжон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондаги нуфузли нашрларда босилган. У кўплаб халқаро ва республикавий илмий анжуманлар иштирокчиси.
“Ўзбек тили ва адабиёти”, “Нақшбандия”, “Бухоро мавжлари” журналлари таҳририяти аъзоси.
Ҳозирги пайтда “Форсийдан ўзбекчага шеърий таржима муаммолари” мавзусидаги докторлик диссертацияси устида иш олиб бормоқда.
У 20 та монография чоп эттирди. Номларини санасак, саҳифа тўлиб кетади. 500 дан ортиқ илмий ва илмийоммабоп мақолалари чоп этилган.
Ноширлик. “Ношир” сўзини кўпроқ тор маънода, яъни “нашриёт ходими” сифатида ишлатамиз. Хўш, ўтмишда яратилган мумтоз асарларни замонавий алифбода нашрга тайёрлашга ихтисослашган мутахассисни ким деб атаймиз? У ҳам – ношир, яъни нашрга тайёрловчи. Бу мумтоз адабиёт тарихи мутахассисларининг ҳаммасига ҳам насиб этавермайди. У 77 тўпламни нашрга тайёрлаган. Ибн Сино, Умар Хайём, Юсуф Хос Ҳожиб, Яссавий, Боқирғоний, Югнакий Саъдий Шерозий, Аттор, Румий, Ҳофиз Шерозий, Хусрав Деҳлавий, Атоий, Навоий, Бобур, Фузулий, Убайдий, Машраб, Бедил, Махтумқули, Амирий, Огаҳий, Муқимий, Мирзо Ғолиб китобларини нашрга тайёрлади. Шунингдек, ўзбек тилида унинг саъй-ҳаракатлари билан Ш. Руставели, В. Шекспир, Ж. Г. Байрон, М. Ю. Лермонтов, Ҳ. Ҳайне, А. С. Пушкин, Т. Шевченко, Р. Ҳамзатов, Қ. Қулиев, Г. Лорка тўпламлари чоп этилди.
Шунингдек, у мумтоз қўшиқлар ва халқ ашулаларини тўпламидан ибоарт 8 ва Шарқ халқлари ривоятларини тўпламидан иборат 7 китобни нашрга тайёрлади.
100 жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари” туркуми учун Фузулий ва Махтумқули жилдларини, Хоқоний Ширвоний, Жалолиддин Румий, Аҳмад Югнакий, Жаҳоншоҳ Ҳақиқий, Байрамхон, Абдураҳим Байрамхон, Андалиб асарларини таржима қилиб ва нашрга тайёрлаб берди.
Чоп этилаётган 200 жилдлик “Ўзбек адабиёти хазинасидан” туркуми учун Адиб Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибат ул-ҳақойиқ” достонини ҳозирги ўзбек тилига табдил қилиб берди, Саккокий, Ғарибий, Шоҳий, Убайдий, Аваз, Увайсий, Дилшод, Анбар отин девонларини нашрга тайёрлади, “Форсийзабон ўзбек шоирлари” жилдини таржима қилди.
Таржимонлик шарафи. Асли, шоир эди. Уни илм сари бурдик. Шоирлиги таржимонликка айланди. Чунки қунт билан форс-тожик тили ва бу тилдаги адабиётни пухта ўрганди. Аввал форсийдан туркийга шеъий таржималар хусусиятлари, қонуниятлари, тамойилларини илман ўрганган бўлса, кейин ўзи ҳам бевосита таржимага қўл урди. Қўл урганда ҳам, катта матонат, меҳнат-машаққатни бўйнига олган ҳолда бу ишга киришди. Кейин бошқа туркий тилларда ижод қилган мумтоз шоирлари асарларини ҳам ўгирди.
Бугун ғалвирни сувдан кўтарсак, унинг таржималари босилган китоблар сони 40 тадан ошади: Мулланафас (2010), Абдураҳмон Жомий (2011), Умар Хайём (2012), Махтумқули (2012, 2013, 2014, 2015, 2017, 2018, 2022), Саъдий Шерозий (2013), Адиб Аҳмад Югнакий (2013), Жалолиддин Румий (2013, 2015), Абдулхолиқ Ғиждувоний (2022), Баҳоуддин Нақшбанд (2022) китоблари ва “Афғонистон халқлари оғзаки шеъриятидан намуналар” (2014) ‒ шулар жумласидан.
У 200 дан ортиқ форсийзабон шоирнинг жами 10 мингга яқин рубоийларини таржима қилди (2000, 2005, 2009, 2009, 2010). Унинг таржимасида 40 та тўплам нашр қилинган. У тўплаб нашрга тайёрлаган тўпламларнинг умумий сони – 77 та.
У таржима қилган атоқли туркман шоири ва мутафаккири Махтумқулининг “Асарлар” тўплами 2014 йили Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан, “Элингга бахш айла” китоби 2017 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Туркманистоннинг ўша даврдаги Президенти, ҳозирги пайтда Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга тақдим этилган. У ҳамкорликда нашрга тайёрлаган Абдураҳмон Жомийнинг “Муҳаббат махзани” китоби эса Тожикистонга расмий сафари чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоновга тақдим этди (2018).
Фақир одам... Шўро даврида бир устозимиз: “Бу замонда ё қаттиқ ишлашинг, ё ўзингни ишлагандай қилиб кўрсатишинг – керак”, – дер эдилар. Чуқурроқ мушоҳада қилиб кўрилса, бу қоида замон ва макон чегараларини тан олмайди. Ҳозир ҳам икки-уч китоб чиқариб, давраларнинг тўридан тушмайдиганлар – қанча. Бу укамиз телевидение орқали чиқишни унчалар ёқтирмайди, бўлар-бўлмасга минбарга интилавермайди. Очиғи, санаб ўтилган бу ишларни уддалаш учун, эҳ-ҳе, соатлаб, демай, кунлаб, ҳафталаб, ойлаб... китоблар, хусусан, луғатларга тўла иш столини қўлтиқлаб ўтиришга тўғри келади.
Устоз. 3 нафар филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), 20 га яқин магистрлик диссертациясига илмий раҳбарлик қилган. Яна 2 тадқиқотчи филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), 2 магистрант магистр илмий даражасини олиш учун унинг раҳбарлигида илмий изланишлар олиб бормоқда.
Илм одоби. Баъзилар билимга эга бўлади-ю, илм одобини ўзлаштира олмайди. Оқибатда кўп қоқилади, обрўйсизланади. Назардан ҳам қолади.
Укамиз илм одобини Институтда ишлаган Иззат Султон, Абдуқодир Ҳайитметов, Салоҳиддин Мамажонов, Тўра Мирзаев, Эрик Каримов, Маматқул Жўраев каби етук устозлардан, албаттаки, антик даврнинг буюк алломаси Суқрот айтганидек, айрим илм одобига амал қилишни эплай олмай ўтиб кетганлардан ҳам ўрганди.
Рағбат. Ўзбек адабиёти ва адабиётшунослигини ривожлантириш йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан “Меҳнат шуҳрати” ордени (2021), туркман адабиётини тадқиқ этиш ва адабий асарларни таржима қилиш борасидаги фаол фаолияти учун Тукрманистоннинг халқаро “Махтумқули – Фироғий” медали (2014) билан тақдирланди.
Ҳажвга мойиллик ёхуд қуввайи ҳофиза. Тилни “тузадиганлар” ҳам, “бузадиганлар” ҳам – аҳли қалам. Бу қавм табиатан янгиликка жуда-жуда ўч келади. Янгиликдан, бир муддат бўлсин, бехабар қолса, ўзини худди пойгада ютқазиб қўйгандай сезиб юради-да.
Кейинги йилларда кимдир “қуввайи ҳофиза” бирикмасини ишлатди-ку. Тамом, ҳамма унга “ошиқ” бўлди-қолди. Билган ҳам, билмаган ҳам, ўринли бўлсин ё ўринсиз, нутқида шу сўзни қўллайверса-да. Майли, ишлатсин, ишлатаверсин. Аммо жойида истифода этсин-да. Кўплар унга шунчаки “салоҳият”, “истеъдод”, “қобилият” сўзларининг маъносини юклаяпти-да, ахир. Бу – хато. Йўқ, у “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да тўғри қайд этилганидек,“эсда сақлаш қобилияти, хотира қуввати” маъносини англатади.
Биз фаолиятини ёритаётган олимнинг айнан ана шу хотираси кучли-да. Бир эшитгани ёки ўқигани унча-мунчага ёдидан чиқмайди. Айниқса, устозлари, ҳамкасблари ҳақидаги ҳангомаларни ёзиб ҳам юради. Ҳатто, камина билан боғлиқ ҳангомаларни ҳам ёзиб, “Китоб дунёси” газетасида чиқарган. Профессор Боқижон Тўхлиев ҳангомаларини китоб тарзида ҳам чоп эттирган.
Энг яхши ёш. Эл орасида: “Спортчининг ёши, олимнинг қариси – қадрли бўлади”, – деган гап юради. Ҳақ гап. Лекин 60 ни тўлдирганларни “ёш” ҳам деб бўлмайди, “қари” ҳам. Чунки “ёш” десангиз, шунча йиллик катта тажрибаси – бор, “қари” десангиз, бу – унинг энди фикр-қараш ва ҳукм-хулосалари пишиб етилган, ҳаёт ва фаннинг пасту баландини билиб қолган, катта хазинага эга бир пайти.
Укамиз яхшиларга эргашиб, шу мавқеъ-мақомларга етди.
Уч ўғли ҳам яхши таълим-тарбия топди, етук мутахассисларга айланди. Нуфузли халқаро ва маҳаллий идораларда меҳнат қилади. 4 невараси бор.
Бу йўлда унга омадлар, бардамлик-бақувватлик, соғлиқ-саломатлик ва олдингилардан ҳам кучлироқ илҳом тилаймиз.
Бу гаплардан кўнглингиз сезиб турган бўлса керакки, биз сиз билан кимсан – Эргаш Зокирович Очилов ҳақида суҳбатлашдик.
Устозми ё шогирд? Бир гал Наманганга бордим. Ислом Шарқи мумтоз шеъриятига қаттиқ қизиқадиган мухлислар даврасига тушиб қолдим. Гап айланиб, кўп форс-тожик мумтоз шоирлари шеърларининг ўзбекчага таржима қилинганига бориб тақалди. Сўзсиз, Шоислом Шомуҳаммедов, Жамол Камол, Эргаш Очил тилга олинди. Мақтангим келиб: “Эргаш Очил ‒ каминанинг биринчи шогирди”, – дедим. Яширмайман бир мухлис бу гапга асло ишонмаса бўладими: “Тўхтанг, тўхтанг, Эргаш Очил сизнинг шогирдингизми ё сиз Эргаш Очилнинг шогирдларимисиз?” – деди. Шундай буюк шоирларни ўзбекчада сайратган таржимонни каминадан ҳам ёши улуғ бир зот деб билар экан-да у киши. “Ҳа, у киши чор ҳукумати даврида бобом ‒ Мулло Олимхон билан Бухоро мадрасаларидан бирида ўқиганлар”, – дедим ҳазиллашиб.
Шогирдининг бундай таърифи, обрўй-эътибори қайси устозга ёқмайди, дейсиз?
Шунча гапдан келиб чиқадиган яхлит хулоса – битта: қани эди, қўлига қалам тутган ҳар бир ижодкор халққа Эргашжончалик хизмат қилса!..
Султонмурод ОЛИМ,
филология фанлари доктори,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
ЎзА