Сергаклик ва огоҳликка чорлаб...
БУГУНГИ ГАЗЕТАЛАРДА
Ижтимоий-сиёсий воқеалардан хабардорлик – инсонни ҳамиша сергаклик ва огоҳликка чорлаб туради. Кундалик газеталар орқали куннинг муҳим янгиликларидан бохабар бўлиб борамиз.
«Янги Ўзбекистон» газетасининг бугунги сонида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича ўтган видеоселектор йиғилишига бағишланган шарҳ, давлат раҳбарининг «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинган.
«Сўхда баҳор нафаси», «Зайтун ва соя» – яқинда импорт ўрни қопланади» номли мақолаларда ҳудудлардаги ҳаёт, қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувларни кўрамиз. «Тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этинг», «Меҳр»дек қадрли, ҳаёт каби тотли» саҳифаларда тинчлик, унинг қадри, шукр қилишга даъват кўнгилингизда акс-садо бериб туради. Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигига бағишланган «Ўчмас чироқ янглиғ»мақола мароқ билан ўқилади.
«Халқ сўзи» газетасининг бугунги сонида бир қатор муҳим мақолалар эълон қилинган. Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири, қишлоқ хўжалиги фанлар номзоди Шавкат Ҳамроевнинг «Бу йил 7 миллиард метр куб сув иқтисод қилинади» мақоласи, албатта, эътиборни ўзига тортади. Дунёда, хусусан, Марказий Осиё минтақасида сув муаммога айланиб бораётган бир пайтда бу мақола кўпчиликнинг эътибор марказида бўлади.
«Ўзбекистон ва БМТ: Инсон қадр-қиммати йўлидаги 30 йиллик ҳамкорлик» саҳифаси, «Адаш кўчаларда адашманг ёхуд битта туманда 32 та кўча номи бир хил эканлигини қандай изоҳлаш мумкин?» мақолалари ҳам мазмун-моҳияти билан эътиборли.
“Hurriyat”да чуқур таҳлилга асосланган мақолалар анчагина. «Бугуннинг гапи» рукнида берилган «Ҳаммаси эл фаровонлиги учун» мақоласи замирида юрт тинчлиги, Ватан осойишталиги барча нарсадан муҳим, азизроқ эканлигини кўрамиз. Зулфиянинг боқий сатрлари – «Баҳор келди сени сўроқлаб» кўнгилларимизни яна бир бор жунбишга келтиради. «Кўҳна Насафнинг янги маҳаллалари», «Атиргул» – журналист аёлларга муносиб туҳфа» мақолаларида «кун янгиликлари»ни кўрасиз. Адабиёт саҳифасида Қосимжон Акбаровнинг шеърлари, Фаррух Жабборовнинг «Топар ойи» ҳикояси яхши таассурот қолдиради.
“Oʼzbekiston ovozi” газетасида кўклам ифори уфуриб туради. «Хотин-қизлар» учун улкан имкониятлар белгиланди» саҳифаси бунга ёрқин мисол. «2 март – Ўзбекистон БМТга тенг ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилинган кун», «Оғир енгил, узоқлар яқин бўлмоқда», «Қорақалпоғистонликларнинг чексиз меҳри», «Бир жуфт гул» мақолаларида кеча ва бугунги Ўзбекистон манзараларини кўрасиз.
“Milliy tiklanish”нинг бугунги сонида эълон қилинган «Оғизбирчилик феномени» мақоласи эътиборни тортади. «Партиялар қачон уйғонади?», «Академик ҳалоллик керакми?», «Жаноб депутатлар, муаммолар қоғозларда қолиб кетмайдими?», «Ноқонуний мақбара» каби мақолалар газетанинг бугунги қиёфасини белгилайди.
«Maʼrifat»нинг бугунги сонида эълон қилинган «Нега дарс қилмадинг, дейишмасинми!?» мақоласидаги савол сизга ҳам қаратиб айтилганини ҳис этасиз. «Таълимда ҳимоя зарур ёхуд ҳокимларнинг хурмача қилиқлари», «Болаларни «Баркамол авлод» тўгаракларига беринг!», «Устоз, сизни тинч қўймаймиз» каби мақолалар руҳида таълим-тарбияга эътибор масалалари ётади.
Бугунги газеталарни ўқинг...
А.Нарзуллоев, ЎзА