Сентябрь ойида республика бўйлаб 147 та янги нодавлат тиббиёт муассасаси ўз фаолиятини бошлади
Мамлакатимизда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш тизимида рақобат муҳитини кучайтириш ва аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини янада ошириш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда. Жумладан, жорий йилнинг сентябрь ойида республика бўйлаб жами 147 та янги нодавлат тиббиёт муассасаси ўз фаолиятини йўлга қўйди.
Ҳудудлар кесимидаги таҳлилларга кўра, янги ташкил этилган клиникаларнинг асосий қисми пойтахт ва йирик вилоятлар ҳиссасига тўғри келади. Хусусан, Тошкент шаҳрида 31 та, Андижон вилоятида 17 та ва Фарғона вилоятида 15 та тиббиёт муассасаси янгидан иш бошлаб, бу борада пешқадамлик қилмоқда. Мазкур уч ҳудуднинг ўзига умумий кўрсаткичнинг 42,9 фоизи, яъни 63 та муассаса тўғри келмоқда.
Шунингдек, ҳудудий тақсимотга кўра, Қашқадарё вилоятида 13 та, Самарқандда 12 та, Наманган ҳамда Хоразмда 11 тадан, Бухорода 10 та, Сурхондарёда 8 та, Тошкент вилоятида 7 та, Навоийда 6 та, Қорақалпоғистон Республикасида 3 та, Жиззахда 2 та ҳамда Сирдарё вилоятида 1 та янги нодавлат тиббиёт ташкилоти фаолияти йўлга қўйилган.
Янги муассасаларнинг очилиши чекка ҳудудларда ҳам аҳолига малакали тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, соҳада соғлом рақобатни ривожлантириш ҳамда янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.
М.Қосимова, ЎзА