Сенку менинг жонимсан, алла болам...
Бир гал қишлоққа борганимда, қўшнимизнинг уйига бирровга ўтдим. Қўшнининг кенжа келини (ҳали 20га ҳам чиқмаган бўлса керак) боласини ухлатаётган экан.
Бешикка белаб, қаттиқ-қаттиқ тебрата туриб, “ҳҳ-ҳм, ҳиммм...” деб хиргойи қилиб турарди. Тушунишимча, келинпошша боласига “алла” айтаётганди. Ҳали бир ёшга ҳам етмаган болача эса боши сарак-сарак бўлиб, ухлашга қийналар, ғингшиб, безовта бўларди. Уқувсиз онанинг “ҳҳ-ҳим”лаб аллалаши, бешикни зарб билан тебратиши боланинг тинчгина ухлаб қолишига, ҳузур қилиб ором олишига қайтанга халал берарди.
Миттигина гўдакнинг безовталигини кўриб, тўғриси, анави келиндан жаҳлим чиқиб кетди. “Бешикни секинроқ тебратиб, чиройлигина алла айтсангиз бўлмайдими?! Бечора бола ухлолмай сарсон бўляптику!”, деб юбордим, ахийри. “Алла айтишни билмайманда...” деди келин ийманиб. “Товбаа”, дедим ўзимга ўзим. Она бўлиб, битта аллани эплаб айта олмаса бола учун! Алла айтиш учун махсус матнини ёдлаш ҳам шартмасдир, балки. Аслида алла онанинг қалб тўридан, оналик меҳри жўшиб, ич-ичидан отилиб чиқадиган дил сўзлар, меҳр булоғидан тўйинган қечинмалар, орзу-ниятлар мужассами бўлмайдими? Наҳотки, ёш онанинг кўз очиб кўрган биринчи фарзандига юрагидан чиқариб айтадиганлари бўлмаса!? Онанинг ўтли юрагидан чиққан меҳр-муҳаббатга тўла дил сўзлари сеҳрли оҳанг ила гўдакнинг руҳиятига озиқ, ором бўлиб етиб бормайдими!? Аслида алла оналикнинг асл белгиси, кўрки, зийнати эмасми?
– Она алласи болага ором беради, хотиржамлик улашади, руҳиятига озиқ бўлади, қулоғи орқали онгига сингиб, митти юрагида меҳр- муҳаббат, ширин туйғулар уйғотади, – дедим ҳалиги келинга. – Уч ёшга қараб кетаётган қизимга ҳамон алла айтишни канда қилмайман. Алла билмасангиз, ўрганинг, жуда бўлмаса, болангиз учун орзу-ҳавасларингизни айтиб, ёқимли куйга солинг. Онангиздан, бувиларингиздан ҳеч алла эшитмаганмисиз...
Ҳар замонда бир кўрадиганим қўшни келинга дакки берганим тўғри бўлдими-йўқми, билмадиму, лекин ичимдагиларни айтиб, ёш бўлса-да, энди она эканлигини эслатганимга енгил тортдим. Тўғри-да, оналик фақат фарзандни дунёга келтириб, оқ сут бериш билангина бўлмайди. Она фарзанди туғилганидан (ҳатто туғилмасидан) бошлаб унга дунёни танитадиган, танитганда ҳам ёрқин рангларда, меҳр-муҳаббат, инсонийлик, ҳалимлик билан, гўдакнинг онгу шуурида ширин ҳисларни уйғотиб, вояга етказадиган зотдир. Халқимизнинг қадим қўшиғи бўлган алла айтиш, аллалаш билан болага ором бағишлаш ҳам онанинг вазифаси. Зотан, ёқимли оҳангда тараладиган она хиргойиси гўдак қулоғи орқали онгига сингиб, қалбида қўшиқ оҳангидек сокинлик, мулойимлик, меҳр ва ширин ҳисларни уйғотади. Умуман, оҳанг, мусиқа – инсон руҳиятининг озиғи, инсоннинг қалб тубига етиб борувчи, унга ўз таъсирини кўрсата оладиган омиллардан бири ҳисобланади. Мусиқага, гўзал оҳанг ва қўшиққа мойиллик эса гўдаклик чоғимизда тинглаганимиз – она алласи ила қалбимизга муҳрланади, юрагимизга яқин бўлади.
Алла болани ухлатиш жараёнида айтиладиган ёқимли қўшиқ сифатида ўзбек, уйғур, тожик халқлари орасида кенг тарқалган. У одатда оддий куйлар билан бешик ёки беланчакнинг тебраниш суръатига мос равишда ижро этилади. Она алласи билан митти гўдак онгу шуурида, қалбида онасига нисбатан, қолаверса, атрофдагиларга, туғилиб ўсган муқаддас замини, Ватанига нисбатан меҳр-муҳаббат, илиқлик уйғонади, кейинчалик ширин орзулар пайдо бўлади. Алла тинглаб вояга етган боладан ёмонлик чиқмайди, дейишади. Ростдан ҳам алла эшитиб улғайган бола қалбида илиқлик, мулойимлик, ҳаётга, атрофдагиларга нисбатан меҳр-оқибат туйғулари бўй кўрсатади. Шу билан бирга, миллий ўзига хослигимиз, миллий қадриятларимиз, анъаналаримиз, урф-одатларимизга бўлган муҳаббат, қалбан яқинлик юзага келади. Алла орқали гўдак онги ва қалбига муҳрланган миллийлигимиз келажакда унинг ўз ота-онасига, Ватанига, юртига, халқига, миллатига бўлган садоқати, муҳаббати ила намоён бўлади, маънавий етуклигида ўз сўзини айтади.
Ҳалиги келинга айтганимдек, алла ҳар бир онанинг ўз қўшиғи, ўз дилбандига айтар изҳори, орзу ва армонлари, тилак-истаклари яширинган қалб сўзидир. Она ўз қўшиғига саодатли кунлар соғинчини қўшиб айтади, меҳру муҳаббатини, бор-будини қўшиб айтади. Онаизорнинг ич-ичидан, юрак тубидан чиққан меҳр булоғининг чашмалари ўз-ўзидан қўшиққа, оҳангга айланиб, боланинг юрагига ўрнашади, онгига сингади, бир умр шахсиятига муҳрланади.
Алла – ҳаёт қўшиғи. Унда орзу-тилак ҳам бор, ният ҳам, армон ҳам, дуо ҳам, келажакка ишонч, умид ҳам бисёр. Шунинг учун ҳам ёқимли оҳангда айтилган аллалар каттаю кичик барчага бирдек ёқади, инсоннинг қалб торларини чертади, юрагига етиб боради. Алла оҳангини тинглаган одамнинг бутун вужуди таскин топади, ором олади, дунёнинг бор ташвишию ғамини унутиб, беғубор гўдаклигини, меҳрибон онасининг иссиқ тафтини, ўзини энг хотиржам ҳис қиладиган гўша – она бағрини соғинади. Бу соғинч, бу сокинлик кишига фақат ҳузур бағишлайди. Ана шундай ҳислар гўдаклигимиздан она алласи ила онгимизга, қалбимизга сингиб кетган бўлади.
Алла ҳақида кўплаб буюк зотлар, алломалар, мутахассислар ўз фикр-мулоҳазаларини ёзиб қолдирган, инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида кўп ва хўп гапиришган. Тиб илмининг султони, буюк аллома Абу Али ибн Сино “Боланинг мижозини кучайтирмоқ учун икки нарсани қўлламоқ керак. Бири болани секин-секин тебратиш, иккинчиси болани ухлатишда одатга айланган мусиқа ва алладан фойдаланиш. Иккинчисини қабул қилиш миқдорига қараб боланинг танаси билан бадан тарбияга, руҳи билан мусиқага бўлган истеъдоди шаклланади”, деган эди.
Дарҳақиқат, алла гўдакнинг ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб улғайишида муҳим аҳамият касб этади. Аммо ҳозир аксарият ёш қизлар алла матнларини билишмайди, алла айтишни ҳам эплай олишмайди. Ҳозирги ахборот технологиялари ривож топиб, қўл телефони, телевизор, компьютер, интернет каби воситалардан фойдаланиш авжига чиқаётган бир пайтда кўплаб ёшлар миллий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримиздан узилиб қолаётгандек, гўё. Оналар турмушга узатаётган қизига фақат сарпо-суруқ йиғмасдан, келинлик, оналик вазифаларини тушунтириб, масъулиятини англатишса, момоларимиздан мерос аллаларни ўргатишса, қизларни ҳаётга тайёрлашнинг энг мақбул йўли бўлар эди.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза: кўпгина ёш оналар боласини аллалаш, эркалаб-суйишдан кўра қўл телефони билан овутишни одат қилиб олишган. Бола ҳам бундан хурсанд. Биз ҳам “Замонавий болалар-да”, деб қўя қоламиз бундай ҳолатларни кўрганимизда. Оқибатда эса ақли кирар-кирмас қўл телефонига ўрганиб, шу матоҳга ёпишиб қолган болалар инжиқ, жаҳлдор, йиғлоқи бўлиб қолади. Энг ёмони, ўзининг айтганини ўтказадиган худбинлик, қўрс-қўполлик характерлари бўй кўрсатади. Қолаверса, телефон билан боғланиб қолиш боланинг кўзига, саломатлигига ҳам қаттиқ таъсир қилиши барчамизга аён ҳақиқат. Аслида эса болани гўдаклигидан аллалаб ухлатишга ўргатишса, олам гулистон. “Алла” сўзи араб луғатида “овутиш, тинчлантириш” маъносини англатиши ҳам бежиз эмас.
Ҳақиқатдан ҳам ёқимли оҳангда таралган алла куйидан бола ором олади. Буни кўп бор ўз ҳаётимда, боламда гувоҳ бўлиб, англаганман. Уч ёшга яқинлашаётган қизимни доим алла айтиб ухлатаман. Мабодо айтмай қолсам, ўзи алла айтишимни сўраб, ғингшиниб бошлайди. Биттаси ёқмаса, бошқасини айт, деб алла танлайди ҳатто. Ҳайрон бўламан – демак, турфа хилдаги аллаларнинг сўзи, оҳанги ҳам болага турлича таъсир қилар экан-да, деб қўяман...
Сенку менинг жонимсан, алла болам,
Бўйнимдаги туморимсан, алла болам.
Алла, алла, опойим, алла-алла-ё,
Устинга бахмал ёпойин, алла болам...
Ҳар бир хонадондан чақалоқлар йиғисию оналар алласи эшитилиб турсин. Ёш оналар ва бувилар эртамиз эгалари бўладиган фарзандларимизни сеҳрли алла оҳангидан бебаҳра қолдиришмасин.
Муҳтарама Комилова, ЎзА