“Сени куйлаймиз, замондош!”
Ўзбекистон театрларининг VI республика онлайн кўрик-фестивали бошланди.
Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилган "Сени куйлаймиз, замондош!" театр фестивали 2011 йилда таъсис этилган бўлиб, ҳар икки йилда бир марта ўтказилади.
Кўрик-фестивалнинг мақсади Ватанимиз мустақиллиги, миллий қадриятларимиз ва юртимизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларини тараннум этувчи, юрт тинчлиги ва ободлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган, илғор фикрли замондошларимиз образлари акс этган замонавий мавзулардаги спектаклларни яратишдан иборатдир. Шу билан бирга, кўрик-фестиваль ўзаро ижодий тажриба алмашишни юзага келтириш ҳамда томошабинларимизни Ўзбекистон театр санъатининг энг сара намуналари билан яқиндан таништиришда алоҳида аҳамият касб этади.

Жорий йилнинг 26-30 май кунлари ўтказилаётган “Сени куйлаймиз, замондош!” Ўзбекистон театрларининг VI республика онлайн кўрик-фестивалида юртимизнинг 9 та давлат театри ранг-баранг мавзудаги замон қаҳрамонлари акс этган спектакллари билан иштирок этмоқда.
Спектакллар Facebook, Youtube, Telegram каби ижтимоий тармоқлар орқали намойиш этилади.
Кўрик-фестиваль Ўзбек Миллий академик драма театрининг “Ўзгалар дарди” спектакли билан бошланди.
Н.Усмонова,
ЎзА