Сендан бир сўз қарз олдим, халқим!
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир ҳамда журналист Одил Ҳотамов таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан “Сендан бир сўз қарз олдим, халқим!” мавзусида адабий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган шоирнинг дўстлари, шогирдлари, шоир ва ёзувчилар, ёшлар дастлаб марказ фойесида фотожурналист Абдуғани Жумаевнинг Одил Ҳотамов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган фотокўргазмаси билан танишди.
Тадбирда унинг дўстлари, шоир ва ёзувчилар сўзга чиқиб, О.Ҳотамов ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди, у кишининг хотирасига бағишланган шеърларидан ўқиди.
Қарийб 50 йилга яқин вақт давомида босма оммавий ахборот воситаларида, хусусан, “Кармана овози” газетаси таҳририятида фаолият кўрсатган устоз журналист узоқ йиллик самарали меҳнатлари учун давлатимизнинг юксак мукофотлари – 2000 йилда “Шуҳрат” медали, 2011 йилда эса “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
– Одил Ҳотамов кўпчиликнинг меҳрини қозонган, уларнинг кўнглидан жой олган шоир эди, – дейди филология фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев. – Эсимда, 2022 йилнинг кеч кузида унинг “Сайланма” китоби тақдимоти ўтказилган эди. Шунда ўша китоб билан танишишимга тўғри келди. Китобнинг мағзи тўқ, самимий битилган шеърлар кўп экан. Унинг битиклари кўпчилигимизнинг ўтган кунларимизни ёдга солиши, биздан узоқлашган қадриятларни эсга тушириши билан кўнгилларни тозалаш хусусиятига эга эди. У айтилиши керак бўлган кўнгил тўридаги энг зарур фикрни кўпинча шеърларининг сўнггига асраб қўяди ва уларни бош ҳарфларда ифода этади. Зеро, у туйғулар чиндан ҳам улкан, инсон тақдирида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Бу туйғунинг ўқувчига ҳам юқадиган ва завқ берадиган йўсинда ифода этилгани эса тасвир таъсирини янада оширади. Одил Ҳотамовнинг шеърларини синчиклаб ўқиш ва уларнинг таъсир қудратини ҳис этиш кўнгил юксалишининг энг самара берадиган воситасидир.
[gallery-22292]
Алоҳида эътироф этиш жоизки, Одил Ҳотамов матбуот тизимида ўзининг узоқ йиллик самарали меҳнати билан республика ва вилоят журналистлари ўртасида ҳурмат қозонган, ўзига хос журналистика мактабини яратган, кўплаб шогирдлар етиштирган, ўзи ва шогирдларига нисбатан талабчан, камтарин ва самимий инсонлардан бири эди.
Унинг “Кечки майсалар”, “Булоқ кўз очди”, “Тириклик шами”, “Нигоҳлар”, “Дала йўли”, “Нафас”, “Юракдаги сўз”, “Қуёш сиёҳдони”, “Хирмон” деб номланган шеърий тўпламлари, “Юксакдаги дарахт” номли хотира қиссаси китобхонлар қалбидан жой эгаллаган.
Одил Ҳотамов 40 йилга яқин вақт давомида “Кармана овози” газетаси таҳририяти қошида ташкил этилган “Чашма” тўгарагига раҳбарлик қилди. Бугунги кунда мазкур тўгаракнинг 70 нафардан ортиқ ижодкорлари республика ва вилоят оммавий ахборот воситаларида, нашриётларда, турли таълим муассасаларида самарали фаолият олиб бормоқда.
Серқирра ижодкор, фидойи инсон мамлакатимиз журналистлари, вилоят фаоллари ва аҳолиси ўртасида ҳурмат қозонган эди.
– Одил ака билан талабалик давримда, Тошкент давлат университети профилакторийсида танишганман, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ўроз Ҳайдар. – Мени тортган меҳр унинг самимий ва камтарлиги бўлган. У киши акам Назар Шукур билан қалин дўст бўлиб, ҳамиша бир-бирлари билан мактублар ёзишар эди. Эсимда 1979 йилда Одил ака қишлоғимизга келганида уйимиз меҳмонга тўлиб кетган эди. Гурунглар тонг ёришаётган вақтда ниҳоясига етган. Аксарият ижодкорлар униб-ўсиш учун, адабий муҳитга яқинроқ бўлиш учун пойтахтга интилади. Аммо у киши марказга интилмади, шон-шуҳратнинг орқасидан қувмади. Ҳақиқий ижодкор ўзининг туманида ҳам, қишлоғида ҳам адабий муҳит ярата олар экан. Буни мен устоз Одил Ҳотамовнинг Карманада яшаб, бу ернинг ёш ижодкорларига бўлган меҳр-муҳаббатида, уларни қўллаб-қувватлашида кўрдим.
Пойтахтдан келган шоир ва ёзувчилар О.Ҳотамов таҳсил олган Навбаҳор туманидаги 9-умумтаълим мактабида ташкил этилган хотира тадбирида иштирок этди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари