Сенаторларнинг ваколат муддатидаги сўнгги ялпи мажлис
Унда фаолият натижалари таҳлил этилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма бешинчи мажлиси давом этмоқда.
Мажлисни кириш сўзи билан очган Сенат раиси Танзила Норбоева Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Конституция кунидаги тантанали маросимдаги маърузасига тўхталиб ўтди.
Ҳар қандай демократик ислоҳотлар самараси, тинчлигимиз ва тараққиётимиз айнан қонун устуворлигига бевосита боғлиқлиги маърузада қайд этилгани ҳаққоний фикр эканига урғу берилди.

Муҳими, ҳар бир инсон жамиятдаги ўзгаришлар самарасини нафақат ўз ҳаёти мисолида кўрмоқда, балки ушбу жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланмоқда.
- Одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча шароитларни яратиш бош мақсадимизга айланиб, бу йўлда эришаётган ютуқларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда, - деди Т.Норбоева. - Буларнинг барчаси, шубҳасиз, қонун устуворлигини таъминлаш мамлакатимиз тараққиётининг энг асосий шарти сифатида белгилангани, турли даражадаги вакиллик ва бошқарув идораларининг фаолияти ана шу мақсад йўлида сафарбар этилганлиги натижасидир. Бу жараёнда парламент, хусусан Сенатнинг ҳам алоҳида ўрни бор.


Мазкур мажлис сенаторларнинг ваколат муддатидаги сўнгги ялпи мажлис экани ҳам айтиб ўтилди. Шу боис Сенатнинг беш йиллик фаолияти таҳлил этилди. Сенатнинг беш йиллик фаолияти факт ва рақамларда акс этган видеоролик намойиш этилди.
Қайд этилганидек, мамлакат тараққиётининг янги босқичида Сенат фаолияти тубдан такомиллаштирилди. Турли масалалар бўйича янги қўмиталар, тузилмалар ташкил этилди.


Сенатнинг қонун ижодкорлиги фаоллашди. Агар 2010–2014 йилларда Сенат томонидан жами 140 қонун маъқулланган бўлса, 2015 йилдан бугунги кунгача 220 дан зиёд қонун кўриб чиқилди.
Эътиборлиси, қонунларнинг 186 таси сўнгги 3 йилда маъқулланган. Бу кейинги йилларда мамлакатимизда ислоҳотларнинг нақадар шиддатли кечаётганидан дарак беради.


Сенатда амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликларни Сенат раиси маърузасида рўй-рост акс эттирилган.
Маърузани эшитишда ва сизга етказишда давом этамиз.
Сайтимизни кузатиб боришда давом этинг!