Сенаторлар талабаларни турар жой билан таъминлаш ишлари билан танишди
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Маматкаримов ҳамда сенатор Гулнора Маруфова Ўзбекистон Миллий университетига ташриф буюрди.
Бу ерда талабалар учун яратилган шароитлар, уларни турар жой билан таъминлаш ишлари билан танишди. Янги 2026/2027 ўқув йилига тайёргарлик жараёнлари ҳамда талабалар яшаши учун яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилди.
Ўрганиш давомида талабалар турар жойларидаги мавжуд инфратузилма, яшаш хоналари, маиший ва санитария шароитлари, хавфсизлик масалалари, шунингдек, талабаларни турар жой билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишилди.
Қайд этилганидек, университетда жами 12 та талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, улардаги ўринлар сони 6 минг 466 тани ташкил этади. 2025 йилда давлат-хусусий шериклик асосида 1 000 ўринли янги талабалар турар жойи фойдаланишга топширилган. Шунингдек, 240 ўринли талабалар турар жойи қайта таъмирланган. Бугунги кунда талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражаси 30-35 фоизни ташкил этмоқда.

Ҳозирга қадар талабалар турар жойларига жойлашиш учун 5 минг 157 ариза келиб тушган. Талабаларни белгиланган мезонлар асосида жойлаштириш ҳамда ушбу жараёнда уларга амалий кўмак бериш мақсадида университет ҳудудининг икки нуқтасида ёрдам кўрсатиш марказлари – инфокиосклар ташкил этилган. Уларга 84 нафар тютор, 13 нафар декан ўринбосари ҳамда 255 нафар волонтёр талаба бириктирилган.
Шунингдек, талабаларни муқобил турар жой билан таъминлаш мақсадида университет масъуллари томонидан 362 ижара хонадони белгиланган ва уларда 8 минг 430 нафар талабани жойлаштириш имконияти мавжуд.

Ўрганиш давомида университетда таҳсил олаётган 3 минг 620 нафар хорижий талабани турар жой билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хорижий ва маҳаллий талабаларнинг турар жойга бўлган эҳтиёжини қоплаш учун университетга яқин олий таълим ташкилотларидаги бўш ўринлардан фойдаланиш, шунингдек, хостеллар ва ижара хонадонлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Сенаторлар ўрганиш жараёнида аниқлаган айрим масалаларга эътибор қаратиб, талабалар учун яратилган шарт-шароитларни янада яхшилаш, мавжуд камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш, турар жойларга жойлаштириш жараёнини шаффоф ва тизимли ташкил этиш ҳамда талабаларнинг хавфсиз яшаши учун зарур шароитларни таъминлаш юзасидан тавсиялар берди.
Н.Абдураимова, ЎзА