Сенатор халқ таълими ҳомийси бўлди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Наманган шаҳридаги “ANAMED” тиббий диагностика маркази директори Носирбек Абдуллахонов ёш авлод камолоти йўлидаги алоҳида ташаббуслари учун “Халқ таълими ҳомийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан таълим-тарбияга, мактаб фаолиятига доир ўтказиб келинаётган видеоселектор йиғилишларида “Биз учун, таълим, илмдан бошқа нажот йўқлиги” таъкидлаб келинади.
Бу ҳақиқатни англаган Сенат аъзоси Носирбек Абдуллахонов юртимизда биринчилардан бўлиб 2021 йилда “Сенатор стипендияси” ни жорий этди. Бу Наманган шаҳридаги таълим сифати бир мунча орқада қолган мактаблар ўқувчиларини мунтазам равишда рағбатлантириб, уларни улкан марралар сари чорламоқда. Мазкур ташаббус биргина, “қизил” рўйхатдаги 46-сонли умумтаълим мактабида бир йил ичида ўз самарасини берди. Таққослаш учун бу ерда сўнгги 27 йил ичида битирувчилар орасидан атиги бир-икки нафари талабалик бахтига эришган бўлса, ўтган ўқув йили якунлари билан 13 нафар битирувчи олий таълим муассасаларига қабул қилинди.

Шунингдек, сенатор яна бир хайрли ишга қўл урди. Янги ўқув йили олдидан вилоят марказида жойлашган 1-сонли давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг иккита синф (рус тили ва бошланғич) хоналарини 140 миллион сўм шахсий маблағи эвазига тўлиқ жиҳозлаб, мукаммал таъмирлаб берди.

Олий Мажлис Сенати аъзолари, вилоят халқ таълими бошқармаси, шаҳар халқ таълими бўлими мутасаддилари, устоз муаллимлар, ота-оналар иштирокида бўлиб ўтган тадбирда махсус мукофот Носирбек Абдуллахоновга топширилди.
Бу каби хайрли саъй-ҳаракатлар ёш авлодни интеллектуал салоҳиятли, зукко қилиб тарбиялаш, мактабларда таълим сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА