Сенатор “Мустақиллик шукронаси” дарсини ўтди
Эрта тонгдан юртимиз кўчалари юз-кўзларида қувонч билан мактаб сари ошиқаётган жажжи ўғил-қизлар, ўқувчи ёшлар билан гавжум. Ёзги таътил вақтида сокинлик ҳукмронлик қилган таълим даргоҳлари яна ўқувчиларнинг шодон ва бахтиёр кулгилари билан тўлди.
Фарғона вилоятидаги умумтаълим мактабларида бўлиб ўтган тадбирларда сенаторлар, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари ва сектор раҳбарлари қатнашиб, Мустақиллик дарсларини ўтишди.
Марғилон шаҳридаги 16-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган байрам тадбирида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси Манзура Салимова иштирок этиб, ёшларга янги ўқув йилида улкан зафарлар тилади.

Янги ўқув йилида шаҳардаги мактабларнинг 1-синфига 3 минг 600 нафар бола қабул қилиниб, уларга ўқув қуроллари, мактаб сумкаси, дарсликлар мажмуасидан иборат Президент совғалари топширилди.
Сенатор томонидан “Мустақиллик шукронаси” дарс соати ўтилиб, ўқувчиларга мамлакатимизнинг шонли йўли, ўз мустақиллиги, эркин ва фаровон ҳаётига эришгунига қадар турли соҳаларда олиб борилган ўзгаришлар, янгиланишлар хусусида сўз юритилди. Таълим тизимида ёшлар учун яратилган шароитлар фахр билан тилга олинди. Эртамиз эгаларига Ватанга муносиб фарзанд бўлиш, имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшишлари лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, сенатор 19-мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, ўрганиш ишларини олиб борди. Болажонларга зарур шароитларни яратиб бериш, таомноманинг талаб даражасида ташкил этилиши, қозонхоналарни куз-қиш мавсумига пухта тайёрлаш, иссиқлик таъминотини яхшилаш борасида тавсиялар берилди.
М. Сулаймонов, ЎзА