Сенатор маҳалла раислари билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Хотин қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Носирбек Абдуллахонов Наманган шаҳридаги ўзи сайланган 25-Дўстлик сайлов округи ҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғини раислари билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Хотин қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Носирбек Абдуллахонов Наманган шаҳридаги ўзи сайланган 25-Дўстлик сайлов округи ҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғини раислари билан учрашув ўтказди.
– Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси янги сайланган парламент аъзолари олдига давр руҳига ҳамоҳанг тарзда ишлаш, сайловчиларнинг, халқнинг ишончини оқлаш, меҳрини қозониш масъулияти қўйилди, – дейди Носирбек Абдуллахонов. – Бу масъулият ва вазифани кабинетларда қоғозга кўмилиб ўтириш билан тўлақонли адо этиб бўлмайди. Зеро, халқ вакили халқ ичида, халқ билан бирга бўлмас экан, одамлар бизга нисбатан “Танаси бошқа дард билмас” мақолини ҳақли равишда қўллайверади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, амалий ишга киришиш вақти келди, халқимиз учун эртага эмас, балки бугундан яхши яшаши учун шароитлар яратилишига масъулмиз. Бу сенатор бўлиб сайланганимдан кейин фуқаролар билан ўтказаётган иккинчи учрашувим. Биринчи учрашувимда ҳам фуқаролар билан бевосита мулоқот асосида бир қатор маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларга шахсан гувоҳ бўлганим биз, албатта, халқ ичида юришимиз зарурлигини кўрсатди.
Нуробод, Гулшан, Наврўз, Мингтерак, Ахсикент, Мингчинор, Юксалиш, Маънавият, Бобораҳим Машраб ва Фурқат номли маҳалла фуқаролар йиғини раислари билан ўтган учрашувда оқсоқоллар аҳолининг яшаш шарт-шароити ҳақида маълумот бериб, ҳудуднинг ўзига хос муаммолари ва уларни бартараф этиш юзасидан мулоҳазалар билдирди.

– Иш кунимиз аввалида сенатор билан учрашув ҳақида айтишганда, очиғи, яна одатий мулоқот бўлади, деб ўйлагандим, – дейди Фурқат номли МФЙ раиси Саодатхон Холбаева. – Қарангки, бутунлай бунинг акси бўлиб чиқди. Сенатор билан ҳамкорликда ҳудудимизда янги иш ўринлари яратиш масаласида келишиб олдик. Айниқса, уйда ўтирган хотин-қизлар учун маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорликда касаначалик асосида иш ўрни яратиш, кам таъминланган оилалардаги чуқурлаштирилган тиббий кўрикка муҳтож кишиларни бепул тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича аниқ чоралар белгиланганидан маҳалла аҳли мамнун бўлди.
– Ҳамжиҳат бўлсак ечилмайдиган муаммонинг ўзи йўқ, – деди Носирбек Абдуллахонов. – Шунинг учун фаолиятимизнинг дастлабки кунлариданоқ халқ ишончига муносиб бўлишга астойдил интилмоқдамиз. Афсуски, ҳамма раҳбарлар ҳам бугунги талабларни, замон шиддатини тўла-тўкис ҳис қила олмаяпти. Ушбу учрашувга шахсан ўзим икки марта мурожаат қилишимга қарамай, “Ўзтрансгаз” АЖ Наманган вилояти ҳудудий газ таъминоти филиали 1-Наманган шаҳар участкаси бошлиғи Сардор Раҳимовнинг келмагани, ўз соҳаси бўйича юртдошларимизни қийнаётган муаммоларга ечим излашда ҳозир ёнимизда турмагани шундай фикр уйғотади кишида.
Сенаторнинг маҳалла раислари билан эркин мулоқот тарзида ўтган учрашуви фуқароларнинг жамият ишига дахлдорлик туйғуларини шакллантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган мақсади билан катта аҳамият касб этади.