Сенатор фуқаронинг даволанишига кўмаклашди
Таъкидлаш жоизки, Сенат аъзолари халқ билан бевосита мулоқот қилиш орқали ҳудудлардаги реал ҳолатни ўрганиб, муаммо ва камчиликларни ҳал этишмоқда.
Олий Мажлис Сенатида фуқаролар мурожаати билан ишлаш тизимининг аниқ механизми йўлга қўйилган бўлиб, жорий йил бошидан шу кунга қадар парламент юқори палатасига 5 минг 784 та мурожаат келиб тушган. Шундан 452 таси Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасига йўлланган. Улар сенаторлар томонидан назоратга олиниб, ижобий ҳал қилиб келинмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Сенат аъзолари халқ билан бевосита мулоқот қилиш орқали ҳудудлардаги реал ҳолатни ўрганиб, муаммо ва камчиликларни ҳал этишмоқда.
Яна бир жиҳат, карантин даврида фуқаролар Олий Мажлис Сенатининг виртуал қабулхонаси ҳамда Сенат Раисининг “facebook.com”даги расмий саҳифаси орқали ҳам мурожаатлар йўллашмоқда.
Наманганлик Мафтуна Олий Мажлис Сенати Раисининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ўз саломатлигини тиклаш борасида амалий ёрдам сўраган. Қайд этишича, 18 ёшли Мафтуна бахтсиз ҳодиса туфайли оғир тан жароҳати олган.
Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Носирбек Абдуллахонов ушбу фуқаро билан учрашиб, унинг мурожаатини ўрганди. Сенатор Мафтунанинг даволанишига амалий ёрдам берди. Жумладан, Ўзбекистондаги хусусий клиникалардан бирида фаолият юритаётган чет эллик тажрибали шифокор кўригидан ўтишини ташкиллаштирди.
– Аввало, давлатимиз томонидан сўнгги йилларда тиббиётга, айниқса, хусусий секторга берилаётган эътибор ва имтиёзлар бугун ўзининг ижобий самарасини бераётганини алоҳида таъкидлаш жоиз, – дейди сенатор Н.Абдуллахонов. – Гувоҳи бўлиб турганимиздек, хусусий тиббиёт клиникаларига ҳам чет элдан малакали шифокорлар жалб қилиниб, халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Бу эса фуқароларимизнинг чет элга маблағ сарф қилиб бориши, вақтини йўқотиши, оворагарчилигининг олдини олмоқда. Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими ҳақида гапирганда, ҳар бир фуқаронинг мурожаатига масъулият билан ёндашиш талаб этилади.
Боливиялик тажрибали шифокор Владимир Тапия Фернандес Мафтунани кўрикдан ўтказиб, уни даволаш истагини билдирди.