Сенатор фуқаролар билан дастлабки учрашувини ўтказди
Унда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Олий Мажлис Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Носирбек Абдуллахонов Наманган шаҳридаги 53-сонли умумтаълим мактабида Нуробод, Наврўз ва Гулшан маҳаллаларида яшовчи фуқаролар билан дастлабки учрашувини ўтказди.
Унда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди. Шундан сўнг учрашувда сенатор мазкур маҳаллалар аҳолисини қийнаётган муаммолар хусусида суҳбатлашди.
– Ҳудудимизнинг энг катта муаммоларидан бири ичимлик суви таъминоти бўлиб келяпти, — деди “Нуробод“ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Акрамжон Раҳмонов. – Ўн-ўн беш йиллардан бери аҳолини қийнаб келаётган бу муаммо Шимолий Фарғона каналининг таъмирланиши муносабати билан бугунга келиб янада ўткирлашди. Биз сенатор ва депутатларимиздан шу масалада амалий ёрдам кўрсатишларини сўраймиз.
Маҳалла аҳли номидан мурожаат қилган раиснинг ушбу мурожаати юзасидан сенатор томонидан шу жойнинг ўзида ечим топилди. Яъни, ушбу маҳаллаларнинг ҳар бирига иккитадан — 6 та махсус машина бириктирилиб, кундалик эҳтиёж учун ичимлик суви етказиб берилиши йўлга қўйилди ва эртасигаёқ сув ташувчи машиналар маҳаллаларга сув олиб келишни бошлади.
– Бу, албатта, вақтинчалик чора, — деди Н.Абдуллахонов. – Муаммога бутунлай барҳам бериш учун эса маҳаллий ҳокимликлар, таъминотчи корхоналар мутасаддилари билан атрофлича ўрганиш асосида чора кўриш тақозо этилади. Яқин келажакда ҳудудда артезиан қудуғи тушириш ёки янги тармоқ тортиш сингари лойиҳалар, уларни молиялаштириш манбалари хусусида таклифлар киритишга ваъда бераман.
Шунингдек, учрашувда фуқаролар томонидан 53-сонли умумтаълим мактаби олдидаги кейинги пайтда йўл-транспорт ҳодисаси тез-тез содир бўлаётган чорраҳага светофор ўрнатиш масаласи кўтарилди. Аввал ҳам Машраб ва Ахсикент маҳаллари аҳолисидан худди шундай масала бўйича мурожаатлар бўлган ва Н.Абдуллахонов ўша пайтда вилоят кенгашига янги сайланган депутат сифатида бу масала юзасидан тегишли идораларга депутатлик сўрови йўллаган эди. Айни ҳар вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда йўл қурилиши бошқармалари томонидан мазкур маҳаллалардаги чорраҳаларга светофорлар ўрнатиш бўйича лойиҳалар тайёрланмоқда.