Сенатор аҳоли вакиллари билан учрашди
Олий Мажлис Сенатининг доимий асосда ишловчи сенаторлари ҳудудларда бўлиб, янги қабул қилинган қонунлар, қарорлар моҳиятини аҳолига етказиш, фуқаролар мурожаатларини ўрганиш мақсадида давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этмоқда.
Сенатор Манзура Салимова Фарғона вилоятида ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши котибиятида видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар ва кўрилган масалаларнинг мазмун-моҳияти масъулларга ва жамоатчиликка етказилди. М.Салимова ялпи мажлисда кўрилган масалалар юртимиз ривожи, тараққиёти, энг муҳими, инсон қадрини улуғлашдек ғояни ўзида мужассам этганини алоҳида таъкидлади.

Жорий йилнинг май ойида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови бўлиб ўтади. Бу тадбир юртимиз ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий жараён саналади. Мазкур воқелик мамлакатимизда шаклланган демократик сайлов тизимининг узвий қисми бўлиб, унда фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этади. Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ҳамда сайловни ташкил этишга кўмаклашувчи комиссиялар фаолиятини самарали ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.
– Фарғона вилоятида бу йил 1058 та маҳалла фуқаролар йиғинида сайлов ўтказилиб, энг муносиблар сайланади. Мазкур муҳим тадбирни очиқ ва ошкора ўтказиш мақсадида жойларда тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди, – деди сенатор Манзура Салимова. – Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг қарори билан фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишда фуқаролар йиғинларига амалий ёрдам кўрсатиш учун вилоят, туман ва шаҳар комиссиялари тузилди ва улар ўз фаолиятини бошлади. Комиссиялар таркибига депутатлар, маҳалла фаоллари, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари киритилди.

Кун тартибидаги масала бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди. Сенатор Олтиариқ ва Риштон туманларида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик ишлари билан танишди. Фурқат туманида яшовчи фуқаролар З.Турғунова, С.Мадаминова, Ш.Шерматова ҳамда З.Раҳимовалар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига бандлик масаласи бўйича ариза билан мурожаат қилишган. Сенатор Манзура Салимова мазкур туманга бориб, мурожаатчилар билан учрашди. Ўрганиш якунларига кўра, фуқароларнинг иш билан боғлиқ масалалари шу кунларда ижобий ҳал қилинадиган бўлди. Шунингдек, туман ҳокимлигида сайёр қабул ўтказилди. Унда Ўзбекистон туманидаги “Муҳаммад Камолхон Гулхаёхон Одилбек”, “Оқ олтин Даштхасан”, “Даштчўлпон келажаги”, "Эсахон Одилов" фермер хўжалиги раҳбарларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг қарорини ижро этилиши учун юзага келаётган тўсқинликларни бартараф этиш масаласидаги мурожаатларига ҳуқуқий ечим топиш масаласи кўрилди.
М.Сулаймонов, ЎзА